Адлия вазирлиги “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига қўшимча ва ўзгартиш киритиш ҳақидаги” Қонун лойиҳасини жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини таҳлил қилиш натижаларига кўра ишлаб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.

Меҳнат кодексининг 6-моддасида, меҳнатга оид муносабатларда камситишнинг тақиқланиши кўрсатилган.

Бироқ, амалдаги қонунчиликда шахснинг ўзини ёки яқин қариндошларини муқаддам судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилишни рад этилиши тартиблари аниқ белгиланмаганлиги, фуқароларнинг меҳнат қилиш ва эркин касб танлаш ҳуқуқини тўлиқ амалга оширилишига тўсқинлик қилмоқда.

Ваҳоланки, амалиётда шахсни яқин қариндошларининг ёки ўзининг судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилишни рад этиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 42-моддасида, жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум, шунингдек бошқа шахслар янги жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қўлланилиши белгиланган.

Қонунда кўзланган мақсадни амалга ошириш учун эса, муқаддам судланган, жазони тўлиқ ўтаб келган шахсларни аҳлоқан тузатиш, янги жиноят содир этишининг олдини олиш, ишга жойлаштириш ва нормал ҳаётга мослаштириш масалаларини ҳал этиш лозим бўлади.

Лойиҳада Меҳнат кодексига қўшимча ва ўзгартиш киритилиб, шахснинг муқаддам судланганлиги, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно ёхуд яқин қариндошларининг судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилишни рад этилишини таъқиқловчи нормани ўрнатиш назарда тутилмоқда.

Мазкур масала юзасидан хорижий давлатларнинг қонунчилиги ўрганилди.

Хусусан, Франция Республикаси Меҳнат тўғрисидаги Кодексининг L1132-1 L1132-4-моддаларида, Латвия Республикаси Меҳнат ҳуқуқининг 7-бўлимида, шахснинг судланганлиги муносабати билан камситиш таъқиқланиши белгиланган.

Шу каби, АҚШ, Буюк Британия давлатларининг қонунчилигида шахснинг судланганлиги муносабати билан камситишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.