Марказий банк криптовалюталар бўйича баёнот билан чиқди
Ҳозирги глобаллашув даврида интернет тармоғида ҳажми кундан кунга ортиб бораётган криптовалюталар билан боғлиқ операциялар халқаро ҳамжамият эътиборини кенг жалб этаётгани, шунингдек мамлакатда криптовалюталар (биткоин, эфириум, литкоин ва бошқалар) бўйича кўплаб мурожаатлар ҳамда оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки баёнот билан чиқди.
Унда таъкидланишича, "криптовалюталардан аноним операцияларни амалга оширишда кенг фойдаланилаётганлиги оқибатида ноқонуний пул айлантириш ва фирибгарликка кенг йўл очилиб, баъзи мамлакатларда хуфиёна иқтисодиётни янада кенгайишига хизмат қилмоқда".
Шунингдек, халқаро ва давлатлараро алмашинувда криптовалюталарни тартибга солиш ва назорат қилиш имкониятларининг чегараланганлиги, жиноятчи шахс ва гуруҳлар томонидан терроризмни молиялаштириш ва бошқа жиноий хатти-ҳаракатларни амалга оширишда криптовалюталардан қулай восита сифатида фойдаланилиши хавфининг юқорилиги сабабли, дунёнинг кўпгина давлатларида уларнинг муомаласи чеклаб қўйилган.
Айниқса, расман тўлов воситаси сифатида тан олиниши натижасида криптовалюталарнинг интернет тармоқларида марказлашмаган ҳолда виртуал эмиссияси ва муомалада бўлиши давлатлар марказий банкларининг пул муомаласини назорат қилиш ва эркин монетар сиёсат юритиш имкониятларини чегаралайди.
Бундан ташқари, пулнинг барча вазифаларини бажара олмаслигини инобатга олган ҳолда, криптовалюталар анъанавий пул бирлиги бўлмасдан, реал резерв таъминотга эга бўлмаган ва қиймати тез ўзгарувчан ҳосилавий восита ҳисобланиши муносабати билан криптовалюталар қийматининг кескин пасайиб кетиши эҳтимоли мавжуд. Бу эса фуқароларда молиявий йўқотишларга олиб келиши мумкинлигини алоҳида қайд этиш зарур.
"Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида криптовалюталардан фойдаланган ҳолда тўлов ёки бошқа операцияларни амалга ошириш кўзда тутилмаган", дейилади МБ баёнотида.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки мутахассислари томонидан бугунги электрон иқтисодиётда жаҳон молиявий хизматлари соҳасидаги янгиликлар, қўлланилаётган технологияларни кузатиб, мунтазам равишда таҳлил қилиб борилмоқда.
"Юқоридагилардан келиб чиқиб, иқтисодиётнинг ҳозирги ривожланиш босқичида криптовалюталарни жорий этиш ва улар воситасида операцияларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ эмаслигини билдирган ҳолда, мазкур операцияларда аҳолининг иштирок этиши тавсия этилмайди", дея якун ясалган Марказий банк баёнотига.
Мавзуга оид
11:56 / 11.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти Марказий банклари кенгаши ташкил этилади
11:40 / 10.11.2024
Олтин ва кумуш арзонлашди, Bitcoin нархи кескин ошди - халқаро молия бозори шарҳи
18:34 / 08.11.2024
Марказий банк 7 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди
23:10 / 07.11.2024