Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 сентябрь куни «Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Қарор билан Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликларининг 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб юридик шахслар томонидан мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар, нодавлат таълим хизматлари кўрсатишни лицензия асосида амалга ошириш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.
Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантиришнинг асосий йўналиш ва вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
иқтидорли болалар ва истеъдодли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш орқали таълим-тарбиянинг юқори сифатини таъминлайдиган қулай шарт-шароитлар яратиш;
соғлом рақобат муҳитини шакллантириш учун анъанавий таълим хизматлари билан бир қаторда сифатли ва оммабоп таълим олишнинг муқобил имкониятларини яратадиган пуллик таълим хизматлари кўрсатиш бозорини жадал ривожлантириш;
илғор халқаро тажрибаларни инобатга олиб, ўқитишнинг инновацион педагогик шакллари, услублари ҳамда замонавий технологияларидан фойдаланиш асосида таълим соҳасидаги самарадорлик ва натижавийликни ошириш.
Белгиланишича, нодавлат таълим хизматлари фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар:
ўз фаолиятини давлат таълим стандартлари ва талаблар асосида амалга оширади;
амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга қатъий риоя қилган ҳолда юқори малакали педагог ва бошқа кадрлар билан таъминлаш, таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш чораларини кўради;
ўқиш муддати ва шартлари, тўлов миқдори, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда бошқа шартлар белгиланган шартномага мувофиқ таълим олувчиларнинг ота-оналари ёки бошқа қонуний вакиллари билан ўзаро муносабат ўрнатади;
ўз фаолиятини аҳолига пуллик таълим хизматларини кўрсатиш, хайрия фондлари ва грантлардан келиб тушган маблағлар, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштиради;
битирувчиларга давлат намунасидаги таълим тўғрисидаги ҳужжат беради.
Мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини кўрсатадиган юридик шахслар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли ва иқтидорли фарзандларини танлов асосида муассасадаги жами ўқувчилар умумий сонининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда таълим хизматларини кўрсатиш эвазига келиб тушган даромадлар ҳисобидан бепул (грант асосида) ўқишга қабул қилиши белгилаб қўйилди. Кейинги йилларда ўқувчиларни бепул (грант асосида) ўқитишни давом эттириш бўйича қарор нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахс томонидан таълим олувчининг оилавий шароити ва унинг академик натижаларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади.
















