KUN.UZ сайтига мурожаат қилаётган айрим фуқароларимизнинг аризаларида кўрсатилган важлар билан шуғулланиб, уларни қийнаб келаётган масалалар ижобий ечим топаётганини кўриб-билиб, гувоҳ бўлиб турибсиз. Лекин бу, айрим ўзаро ихтилофли шахсий масалалар учун ҳам бизни безовта қилиб, бирининг иккинчисига хусумати бўлган шахслар ҳам сайтимиздан бемалол қурол сифатида фойдаланиши мумкин, деган хулосани бермайди.

Фото: Kun.uz

Таҳририятимизга Самарқанд вилоят руҳий касалликлар шифохонасида фаолият кўрсатаётган ходимлар (жами 14 киши) томонидан имзоланган ариза келиб тушди. Нафсиламрини айтганда, унда шундай баён қилинади:

«Биз ҳуқуқларимиз бузилаётганини керакли жойларга ёзиб мурожаат қилдик, лекин бизнинг мурожаатларимиз бўйича текширишга келган назорат-тафтиш бошқармаси (НТБ) вакили, меҳнат бошқармасининг юристи ва борингки, текширишга яна ким келган бўлса вазиятни барча ходимлар учун янада оғир қилиб (!), бош врач ва бош ҳисобчининг айбларини ёпиб беришга ёрдам бериб (!) келмоқда. Яъни, бизнинг хатларимизда кўрсатилган, шифохонада содир бўлаётган ўзлаштиришлар, ўғриликлар ва зўравонликлар очилмасдан қолиб кетмоқда».

Юқоридаги мактубдан кўриниб турибдики, аризачилар биздан олдин ҳам мутасадди ташкилотларга мурожаат қилган. Текширишлар ўтказилган, лекин якун аризачилар истагандек бўлмаётгани алоҳида қайд этилмоқда. Аризада иддаолар бандма-банд келтирилган:

1. Текширувчилар келганда мукофот ва пахта пулларини фақат қоғоздагина олган ходимлар ёлғон билан «олдик», деб айтишга, тилхат ёзишга мажбур қилинган.

2. Шифохонада текширувлар бўлиб ётган бир вақтда, бош врач кўрсатмаси билан барча бўлим бошлиқлари ходимлардан ремонт учун, деб 30-60 минг сўмгача йиғиб олмоқда. 

3. Аризамизгача шифохонада 800га яқин бемор даволанаётганлар рўйхатида турар эди. Текширув бошлангач бош врач аслида шу вақтгача шифохонага умуман келмаган касалларни «жавоб берилди»га чиқарди ва натижада 2 ҳафта ичида 100га яқин «касаллар» рўйхатдан ўчирилди. (Шунча беморга давлат бюджетидан қанча маблағ ажратилишини мутахассислар аниқлай олишади-таҳр.) 

4. Аслида барча шунча аламзада бўлишига сабаб — бош врач Тоҳиржон Қодировдир. У 15 кунда 300 га яқин ходимга ёлғон сўзлаб, «молия бошқармаси иш ставкаларини қисқартирди», дея ҳаммадан камида 0,25 ставкасини ўз аризаси билан топширишга мажбур қилди, натижада, ҳамманинг маоши қисқариб кетди. Лекин 70 га яқин янги ходим пора эвазига бўшаган иш ставкалари ўрнига ишга қабул қилинди. (Бу масалани ҳам масъул идоралар хўжакўрсинга, қоғозбозлик учун эмас, жиддий тафтиш қилишлари талаб этилади-таҳр.)