Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими муассислигидаги «Олам аро» журналининг навбатдаги сонлари мавзуси муҳокама қилинаётган эди. Бош муҳаррир Севара Алижонова гап орасида кўчманчи араб–бедуинлар ва Иордания Подшоҳлигидаги қадим Петро шаҳри ҳақида гапириб қолди. Саёҳат ва саргузаштларнинг ашаддий ишқибози бўлмиш камина учун шу гапнинг ўзи етарли эди. Мен харита титиб, Петрога энг қулай ва яқин йўл изладим. Бу Миср орқали йўл эди. Элчихонадан виза олишга кетган 3-4 кунни ҳам қўшганда бир ҳафта ўтмай Қоҳирага етиб бордим.

Миср сирли, сеҳрли диёр. Ҳар гал унинг шаҳар-у қишлоқларини ҳайрат билан кезаман. Маҳаллий кишилар билан араб қаҳвасидан ичиб, чилим тортиб, суҳбатлашишнинг гашти ўзгача. Бу ернинг туб халқи тарихда не-не азобли кунларни бошдан кечирмади, дейсиз. Эрамиздан аввалги 3 мингинчи йилларда фиръавнлар куч-қудратга тўлиб, 80-100 минг одамни ишлатиб, дунёнинг энг узун ва серсув дарёси бўйидаги Гиза водийсида бирин–кетин пирамидалар қура бошладилар. Улар ўша даврда ҳам, ҳозирда ҳам маҳобати ила инсон ақл-у заковати, қудратига қўйилган мангу ҳайкал бўлиб турибди.

Пирамида аслида фиръавн учун хилхонадир. Фиръавнлар бу ёруғ оламдан кўз юмгач, жуда катта бойлик – олтин қопланган хоналар, мўмиёланган танаси солинадиган саркофаг ва яхлит олтин ёмбидан ясалган ниқоб, беҳиссоб зебу – зийнатлар қўшиб дафн этилган. Уларнинг ақидасига кўра, вақти келиб фиръавн тирилади ва яна ҳукмронликни давом эттиради. Одатда фиръавн хилхонасини пирамидани қурган саноқли уста ва унинг энг содиқ мулозимлари билган ҳамда уларнинг барчаси дафндан сўнг ихтиёрий ўлимга маҳкум эди. Фиръавн учун жон фидо қилмоқлик у билан яна дунёга қайта келиш кафолати деб инонар эди улар.

Олимлар Миср пирамидалари фиръавнларнинг тўртинчи авлоди даврида, эрамиздан аввалги 2639-2506 йилларда бунёд этилган деб ҳисоблашади. Ҳозиргача фиръавнлар Хеопс, Хефрен, Микеран бунёд этган пирамидалар ўз даврининг салобатини сақлаган ҳолда сайёҳларни ҳайратга солиб келмоқда.

Тарих салкам 5 минг йилнинг сўнгги уч – уч ярим минг йилида мисрликларни не кўйга солмади, дейсиз. Осиё, Оврўпада куч – қувватга  кирган саркарда борки, ҳаммаси бу юртга қилич кўтариб келди. Мақсад – фиръавн бойликларига  эгалик қилиш бўлган. Лекин уларнинг ҳеч бирига тарих кулиб боқмади. Искандар Зулқайнарн (Македонский) гина омадсиз сафардан қайтаётиб, Ўрта Ер денгизи соҳилида ҳозирги Александрия деб аталувчи шаҳарга асос солиб кетди. Рим императорларидан француз Банопарт Наполеонгача, Мисрда 150 йил давомида ҳукмронлик қилган турк усмонийларидан инглиз босқинчиларигача ҳеч бири фиръавнлар сирини, табиийки беҳисоб олтин, дуру-гавҳарларни топа олмай армонда қолди.