Шу йилнинг 2-12 октябрь кунлари БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид Ўзбекистон ҳукумати таклифи билан республикага ташриф буюриб, қатор вилоят ва шаҳарларда бўлган, ҳукумат расмийлари, турли жамоат ташкилотлари, НТТ вакиллари ҳамда оддий фуқаролар билан учрашган эди. У ўз ташрифи якунига доир дастлабки хулосаларида Ўзбекистонда дин ва эътиқод эркинликларини таъминлашдаги ютуқ ва камчиликларни эълон қилди.
Унинг ҳисоботидан дастлабки қисмлари аввалги хабарларимизда берилган эди.
Дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачининг дастлабки хулосалари эълон қилинди
Мазкур ҳисобот давомида Ўзбекистоннинг «Виждон эркинлииги ва диний ташкилотлар тўғрисида» қонунига доир фикрлари ва хулосаларини билдирган. Қонунга кўра, диний ташкилот юридик шахс мақомига эга бўлиб, Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтганидан сўнг, ўз фаолиятини бошлаши мумкинлиги белгиланган. Ҳужжат диний таълим муассасалари Адлия вазирлигида тегишли рўйхатдан ўтиб, белгиланган лицензияни олгач фаолият юритишга рухсат олишини қайд этади. Бундан ташқари, диний таълим берувчи шахс диний таълимга эга бўлиши ва ўз фаолиятини фақат диний бошқарма, марказ рухсати билан амалга ошириши мумкинлиги таъкидланган.
Бу ҳолатлар ҳар қандай дин ёки эътиқод амалларини юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтмасдан жамиятда бажаришни ноқонуний қилиб қўяди. Аммо, кўплаб диний гуруҳлар рўйхатдан ўтиш учун айрим талабларни бажара олмайди. Масалан, республика даражасида рўйхатдан ўтиш учун мамлакатнинг камида 8 та вилоятида ваколатхонаси бўлиши ёки камида 100 нафар аъзоси номидан ариза топшириш каби шартларни бажара олмайди. Бундан ташқари, мурожаат қилувчи Дин ишлари бўйича қўмита ва маҳалла қўмиталарининг розилигини ҳам олиши керак. Шу билан диний камчилик гуруҳлари рўйхатдан ўтишда қийинчиликларга дуч келмоқда ва оқибатда уларнинг жамиятдаги фаолияти жиноий жавобгарликка тортилмоқда.
Халқаро қонунчилик меъёрларига мувофиқ, ўз диний ишончи ёки эътиқодини якка тартибда ёки жамоатчилик қаршисида ошкор қилиши ёхуд хуфёна сақлаш ҳуқуқи уни давлат миқёсида тан олишдан келиб чиқмайди. Балки у шахснинг ажралмас ҳуқуқи бўлиб, давлат томонидан эътироф этилиши шарт ҳисобланмайди. Аммо Ўзбекистонда рўйхатдан ўтиш шундай жараёнки, у ўз уйидан ташқарида бўлган жойларда дин ёки эътиқод амалларини бажариш ҳуқуқини таъминлайди. Аслида рўйхатдаан ўтиш жараёни ва у билан боғлиқ жараёнлар диний гуруҳ фаолиятини сертификатлаштирилган хоналарда чеклаш, ушбу дин фаолиятини текшириш билан унинг ички ишларини бошқаришга уринишдек кўринади.
















