А Сериянинг 8-тури бизга бир қанча қизиқарли ўйинларни тақдим қилди. Туринда «Ювентус» «Лацио» билан беллашди. «Наполи» Римга, «Рома» майдонига сафар қилди. Миланда «Интер» ва «Милан» «Делла Мадонина» дербисини ўтказишди.

Бироқ, уларнинг орасида энг марказийси, шубҳасиз, Туриндаги ўйин бўлди.

Тур ўйини. «Ювентус»нинг мавсумдаги дастлабки мағлубияти

Италия чемпионатининг 8-тури кутилмаган натижа билан бошланди.

«Ювентус» ўз майдонида «Лацио»ни қабул қилиб, 1:2 ҳисобида ютқазди. Бу амалдаги чемпионнинг нафақат жорий мавсумдаги, балки сўнгги икки йилда ўз майдонида ўтказган ўйинлардаги илк мағлубияти бўлди (41 учрашувдан иборат серия якунланди).

Август ойида ўтказилган бу жамоаларнинг Италия Суперкубоги ўйинида ҳам римликларнинг қўли баланд келган эди. Шу туфайли, «Ювентус» ўз майдонида ғалаба қозониб, мағлубият учун қисман қасос олишни мақсад қилганди.

Биринчи бўлимда туринликларнинг ташаббуси сезиларли бўлди. 24-дақиқада Дуглас Коста дарвозабон қайтарган тўпга ҳаммадан бурун етиб келиб, уни тўрга жойлашга эришди. Иккинчи бўлимда ҳам «Ювентус» ташаббусни қўлдан бой бермади, аммо қарши ҳужумларда панд еди. 47-дақиқада Луис Альбертонинг узатмасидан сўнг, Чиро Иммобиле Буффон билан юзма-юз чиқиб, уни доғда қолдирди. 54-дақиқада шунга ўхшаш вазиятда, Буффон Иммобилени чалиб йиқитди. Жабрланувчининг ўзи пенальтини аниқ амалга ошириб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.

Сўнгги сониялар эса драматик тарзда кечди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Пауло Дибала ҳисобни тенглаштириши мумкин эди. Аммо унинг узоқ масофадан йўллаган зарбасидан сўнг, тўп дарвоза устунига тегиб қайтди.

Бу ҳали ҳаммаси эмасди. Энг сўнгги дақиқада «Лацио» ҳимоячиси рақиб ҳужумчисини ўз жарима майдонида чалиб йиқитди. Аммо ҳакам буни пайқамай қолди. «Ювентус» футболчилари бош ҳакамдан такрорий лавҳани томоша қилишни талаб этишди. У эса пенальти яққол бўлганини кўрсатиб берди.

Лекин, Пауло Дибалага бу ўйин қаҳрамони бўлиш насиб қилмади. Дарвозабон Стракоша унинг зарбасини қайтаришга муваффақ бўлди.

Италия чемпионати, 8-тур

Ювентус – Лацио 1:2 (1:0, 0:2)