Ўзбекистон | 00:48 / 19.10.2017
12018
2 дақиқада ўқилади

Ҳудудларда ёшлар тадбиркорлиги кластерлари тузилади

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 октябрдаги «Ёшлар тадбиркорлиги кластерларини яратишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра республика туман марказлари ва шаҳарларида юридик шахс ташкил этилмасдан ёшлар тадбиркорлиги кластерлари яратилади ва уларнинг фаолиятини бошқариш Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман ва шаҳар Кенгашлари зиммасига юкланади.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан биргаликда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг бўшаётган Ўзбекистон Ёшлар иттифоқига текинга ўтказиб биноларида кластерларни жойлаштириш вазифаси топширилган.

«Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзтрнасгаз» АЖ, «Ўзбектелеком» АЖ раҳбарияти, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлигига ушбу кластерда жойлаштирилган ёш тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш эҳтиёжларига яраша электр энергияси, табиий газ ва телекоммуникация тармоқлари билан узлуксиз таъминлаш вазифаси юкланмоқда.

Қарорга кўра, кластерларда жойлашган ишлаб чиқариш майдонлари фақатгина Ўзбекистон ёшлар иттифоқи аъзоси бўлган ёш тадбиркорларга, корхонаси оёққа туриб олгунча бўлган даврда, лекин 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга ижара тўловининг «ноль» қийматида берилади.

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлаш, амалий маслаҳатлар текинга кўрсатилади.

Кластерда жойлаштириладиган тадбиркорлик субъектлари ходимлари штатида 35 ёшгача бўлган шахслар улуши 70 фоиздан кам бўлмаслиги белгилаб қўйилди.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид