Ўзбекистон | 10:15 / 20.10.2017
27062
2 дақиқада ўқилади

Фермерлар кенгаши раиси картошка муаммоси ҳақидаги саволга жавоб берди

Фото: Халқаро Пресс-клуб

19 октябрь куни Халқаро Пресс-Клубда “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги: ислоҳотларнинг янги босқичи” мавзусига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда давлат идоралари, вазирлик вакиллари, деҳқонлар, фермерлар, тадбиркорлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди. 

Жорий йилнинг сентябрь ойида Россия қишлоқ хўжалиги вазири Александр Ткачевнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Россия картошка иттифоқи ва Ўзбекистоннинг «Sanray Agro Plus» МЧЖси ўртасида картошка уруғини етиштириш бўйича  Ўзбекистон ҳудудида селекцион-уруғчилик марказини ташкил этиш юзасидан келишувлар имзоланган эди. Бундан ташқари Россия бизнес вакилларидан Ўзбекистон ҳудудида картошка уруғчилигига ихтисослашган Россия-Ўзбекистон-Қирғизистон корхонасини яратиш таклифи киритилди. 

Пресс-Клубнинг навбатдаги сессияси давомида журналистлар юқоридаги шартномалар қайси босқичда амалга оширилаётгани ва Ўзбекистондаги картошка муаммоси қачон бартараф этилиши ҳақида савол билан мурожаат этишди. Мазкур саволга Ўзбекистон фермерлар, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари кенгаши раиси Баходир Юсупов қуйидагича жавоб берди:

«Юқорида таъкидланган учрашувдан сўнг биз картошка тақчиллиги муаммосини ҳал этиш мақсадида илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда ишлар олиб боряпмиз. Умид қиламизки, охир-оқибат ўзимизнинг ерларимизда ҳам сифатли картошкалар етиштирилади. Албатта, юртимизда мана шундай замин, очиқ ҳаво, сув бўла туриб картошкани чет элдан импорт қилишимизни кечириб бўлмайди», дея қайд этди Баҳодир Юсупов.

Кенгаш раисининг сўзларига кўра, фермерлар, деҳқонлар мазкур масалани ҳал этишда алоҳида, индивидуал тарзда ишлашда давом этишади.

Мавзуга оид