Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017-2018 йиллар қиш-баҳор фаслида республика аҳолисини ва ижтимоий соҳа муассасаларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турлари билан кафолатли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3345-сонли қарори қабул қилинди.
Қарор матнига кўра, у республика ҳудудлари бўйича аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларининг эҳтиёжлари учун қиш-баҳор фаслида қишлоқ хужалиги маҳсулотларининг асосий турларини ғамлаб қўйиш ишларини самарали ташкил этиш, тайёрлов ташкилотларининг ижтимоий аҳамиятга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар билан ҳисоб-китобларни ўз вақтида ўтказиш, омборхоналарни ва совутиш сиғимларини кўпайтириш ҳисобига уларнинг истеъмол хоссаларини сақланиши учун зарур шароитлар яратиш, шунингдек, мавсумлар ўртасида қиш-баҳор ойлари мобайнида ички бозорга маҳсулотни зарур ҳажмларда, мунтазам, бир маромда етказиб бериш ҳисобига нархларнинг барқарорлигини сақлаб туриш мақсадида қабул қилинган.
Қарорда 2017–2018 йиллар қиш-баҳор фаслида республика аҳолисини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашнинг асосий прогноз параметрлари тасдиқланган.
Шунингдек, аниқланган тақчилликни қоплаш манбалари, бюджет маблағларининг талаб-эҳтиёжларининг прогноз параметрлари, ғамлаш ишларига жалб этилган тайёрлов корхоналарининг омборхона ва совутиш сиғимлари билан таъминланганлиги параметрлари маъқулланган.
2017–2018 йиллар қиш-баҳор фаслида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини ички бозор ва ижтимоий соҳа муассасалари эҳтиёжлари учун ғамлаш, шунингдек, сотиш учун етказиб бериш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича Республика ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланган.
















