Жаҳон | 09:30 / 25.10.2017
10503
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда биринчи марта электр энергияси истеъмолига лимит киритилмайди

Тожикистонда куз-қиш даврида электр энергиясини етказиб беришда чекловлар бўлмайди, дея хабар берди «Барки точик» энергоҳолдинги. Мамлакатда кичик гидроэлектростанциялар, шунингдек, қишни электр энергиясига чекловларсиз ўтказиш имконини берувчи иссиқлик энергия марказлари (ТЭЦ) қурилган, дейилади компания хабарида.

Шу билан бирга, «Барки Точик» аҳолидан электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланиш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик ҳамда фойдаланилган электр энергиясига ўз вақтида тўловни амалга оширишни сўрамоқда.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 14 октябрь куни тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувда сўзга чиқиб, ўтган йили шу даврда аҳоли кунига атиги 10 соатдан иборат лимит қўйилган электр энергияси олганини эслатди.

«Бироқ, кўриб турганингиздек, лимит киритилмади. Лимитни жорий этиш амалиётидан бутунлай воз кечишни режалаштирмоқдамиз. Аммо ҳамма нарса мамлакат аҳолисига, хусусан, тадбиркорларга боғлиқ. Уларнинг электр энергиясидан қандай фойдаланишга боғлиқ», - дея таъкидлаб ўтган Раҳмон.

Давлат раҳбари, шунингдек, келгуси йилнинг охирида Роғун гидроэлектрстанциясининг биринчи агрегати, кейинчалик эса – иккинчиси ишга туширилишини, шундан сўнг мамлакатда электр энергияси истеъмолига чекловлар тарихга айланиши ҳақида айтди.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистонда энергия истеъмолига лимит совуқ об-ҳавонинг келиши билан бошланган. Масалан, 2014 йил март ойида қишлоқ жойларда кунига 4-5 соат электр энергияси берилган. Айрим туманларда яшовчилар эса бир неча кун давомида электр қувватисиз қолган. 

Ўтган йили 1 ноябрдан бошлаб Тожикистон ҳудудларида электр энергияси истеъмоли чекланган. Ўшанда лимит фақат пойтахт ва катта шаҳарларда кирилмаган.

Мавзуга оид