Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг таклифига биноан 2017 йил 25-26 октябрь кунлари давлат ташрифи билан Туркияда бўлди.

Давлат раҳбарларининг музокаралари 25 октябрь куни Анқара шаҳрида бўлиб ўтди. Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм, транспорт, логистика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида Президентлар икки мамлакат ҳамкорлигини янги, стратегик босқичга кўтаришга замин яратадиган Қўшма баёнотни имзолади.

Шунингдек, иқтисодиёт, савдо-сотиқ, саноат, банк-молия, инвестиция, туризм, транспорт-логистика, соғлиқни сақлаш, кадрлар тайёрлаш, мудофаа ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир 20дан зиёд ҳужжат қабул қилинди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған музокаралар самарали бўлгани, эришилган келишувлар ҳамкорликни янги босқичга кўтаришини таъкидладилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 октябрь куни Туркия Буюк миллат мажлисига ташриф буюрди.
Буюк миллат мажлиси Туркия Республикасининг олий қонун чиқарувчи органидир. Унга 1920 йил 23 апрель куни асос солинган. Бугунги кунда тўрт партия Мажлисда ўз фракциясига эга.
Президент Шавкат Мирзиёев Туркия Буюк миллат мажлиси Спикери Исмоил Қаҳрамон билан учрашди.

Ўзбекистон ва Туркия Президентларининг музокараларида парламентлараро ҳамкорликни ташрифлар алмашинуви ва қўшма тадбирлар ўтказиш орқали қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилган эди. Туркия парламентидаги мулоқотда мазкур йўналишдаги алоқаларни мустаҳкамлаш, парламентлар фаолияти ва парламент назорати шакллари бўйича тажриба алмашиш масалаларига эътибор қаратилди.





















