Жаҳон | 10:04 / 28.10.2017
11236
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон иқтисодиёт вазири Қозоғистон билан чегарадаги мураккаб вазиятга изоҳ берди

Фото: Метин Джумагулов

Қирғизистон иқтисодиёт вазири Артём Новиков Қозоғистон билан чегарадан ўтишнинг мураккаблашганини "савдони яширинча чеклаш" деб атади. Унинг айтишича, вазирлик чегарадаги муаммони ҳал қилишда ёрдам сўраб Европа иқтисодий комиссиясига Қозоғистон устидан арзнома берган. 

Новиков 27 октябрдаги матбуот-анжуманда Қирғизистон-Қозоғистон чегараси орқали товарлар тўсиқларсиз ўтиши масаласи қачон ҳал бўлишини билмаслигини айтди. 

"Биз бундай вазиятга биринчи марта дуч келмоқдамиз. Бу ерда "савдони яширинча чеклаш" атамасини қўллаш ўринлидир", деб айтди вазир.

Новиков Европа иқтисодий комиссияси Қирғизистон арзномасини кўриб чиқиш санасини ҳали белгиламаганини қўшимча қилган.

"Вазият тартибга солинишига умид қиламиз. Агар муаммо ҳал қилинмаса, унда Евросиё иқтисодий иттифоқидан чиқиш масаласи сиёсий даражада қабул қилинади", деб айтган Новиков. 

Вазирнинг айтишича, юк ташувчилар чегарадаги вазият сабабли катта зиён кўрмоқдалар. 

Икки давлат чегарасидаги вазият Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев 7 октябрда ўқитувчилар олдидаги нутқида Қозоғистон ҳукуматини "Қирғизистон бойликларини талашда" айблагандан кейин мураккаблашган.

Шундан кейин қозоғистонлик чегарачилар 10 октябрда фуқароларнинг чегара орқали ўтиши режимини кучайтиришган, бунинг оқибатида назорат-ўтказиш пунктларида навбатлар ва тирбандликлар юзага кела бошлаган.

Бундай вазият икки давлат ҳукуматлари чегарадан одамлар ва машиналарни ўтказишни енгиллаштириш ҳақида келишиб олмагунларига қадар 18 октябргача сақланиб қолган. 

Ҳозир эса асосий муаммо қозоғистонлик чегарачилар томондан юк машиналари ўтказилиши тезлиги пастлиги бўлмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид