
Ўтган ҳафтада бутун Шимолий Корея бўйлаб электр токи ўчирилди ва аҳолини эвакуация қилиш ишлари машқ қилинди. North Korea News нашри Шимолий Кореяда бундай машғулотлар охирги марта 2003 йилда ўтказилгани, бу машғулотлар мамлакатнинг урушга тайёргарлик кўраётганини англатувчи сигнал экани ҳақида ёзди.
Ҳарбий ҳолат даврига хос ҳаракатлар Пхенянда ўтказилмаган. Машғулотлар асосан шарқий қирғоқдаги шаҳарларга тааллуқли бўлган.
Машғулотларда ёруғлик маскировкаси режими қўлланган. Бунда потенциал рақибни мўлжалдан оғдириш мақсадида бутун бошли аҳоли пунктларида чироқлар ўчириб қўйилган.

Бу машғулотлар Сеулга Пентагон раҳбари Жеймс Мэттиснинг келиши фонида ўтказилгани эътиборни тортди. Шунингдек, ноябрь ойида Жанубий Кореяга АҚШ президенти Доналд Трамп келиши кутилмоқда. Унинг ташрифи давомида Корея яриморолига америкаликларнинг стратегик қуроллари жойлаштирилиши масаласи муҳокама қилиши кутилмоқда.
«Мен ҳеч қачон Шимолий Кореяда бундай кўламдаги машғулотлар ўтказилгани ҳақида эшитмагандим. Улар вазият қанчалик жиддийлигини тушунишлари керак», — дея жанубий кореялик зобитнинг сўзларини келтирган Daily Mail.
Бундай кўламдаги машғулотлар охирги марта 14 йил муқаддам, Ким Чен Ир бошқаруви вақтида ўтказилганди. Ўшанда КХДРда ҳаво ҳужумига тайёргарлик кўрилганди.
Америкалик меҳмонлар

27 октябрь, жума куни АҚШ Мудофаа вазири Жеймс Мэттис Жанубий Кореяга келди, 7-8 ноябрь куни Сеулда Қўшма штатлар президенти Дональд Трамп ташрифи кутилмоқда.
Музокаралар чоғида Мэттис АҚШ ва Жанубий Корея альянси яриморолдаги вазиятни барқарорлаштиришни мақсад қилгани ҳақида гапирди. Бундан ташқари, икки давлат Мудофаа вазирлари хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатлашув ўтказишди ва якундаги қўшма баёнотда Вашингтон яқин вақт ичида Жанубий Корея ҳудудига стратегик қуролларини жойлаштиришни режалаштиргани ҳақида маълум қилинди.

















