Бухгалтерия шундай соҳаки, унда қатор конфиденциал ва жуда муҳим корпоратив маълумотлар сақланади. Ҳар қандай пухта ўйланмаган ҳаракат, ҳатто кичик хато ва камчиликлар ҳам ишга малакасиз ёндашув, хисоб-китоблар ноаниқлиги ва ҳатто катта жарималарга олиб келиши мумкин. Шунинг учун ўз соҳасининг устаси бўлган бухгалтерларга талаб юқори. Айнан шундайлар бюджетга тўланадиган солиқларни ҳисоблашади. Йирик корхоналар штатида юқоридаги талабларга жавоб берадиган, ўз навбатида, юқори маош талаб қиладиган бухгалтерлар ёллаш имкони бор. Бироқ янги ташкил топган, микро ва кичик корхоналар бундай харажатларга тайёр эмас. Ёлланма бухгалтерлар ҳеч қандай ҳужжатсиз, оғзаки келишув асосида хизмат кўрсатиши туфайли кўплаб муаммолар келиб чиқиши мумкин.
Корхона бир неча фаолият тури билан шуғулланадиган бўлса, ҳар бир фаолият учун алоҳида малакали бухгалтер ёллаш, уларни ойлик маош, иш жойи, дастурий таъминот ва ҳ.к.лар билан таъминлаш катта харажатларни келтириб чиқаради.
Ёки айтайлик, штатдаги бухгалтер айрим сабабларга кўра ишдан кетаётган булса, бухгалтерияни кимга ишониб топширса бўлади?
Бундай мураккаб ҳолатда қандай ечим бўлиши мумкин?
Жавоби оддий – Аутсорсинг бухгалтерия.
"Аутсорсинг" сўзи инглиз тилидан олинган булиб, шартнома асосида ташқи манбалардан, яъни аутсорсинг хизматини кўрсатувчи корхоналар хизматидан фойдаланишни билдиради.

Аутсорсинг бухгалтерия эса масофадан туриб малакали соҳа мутахассислари томонидан олиб бориладиган бухгалтериядир. Аутсорсинг бухгалтерия ёлланма бухгалтериядан фарқли равишда, бухгалтерияни қисман ёки вақтинчалик топшириш эмас, узоқ муддатга шартнома асосида ҳамкорлик қилишни кўзда тутади. Аутсорсинг бухгалтерия хизматини кўрсатувчилар аутсорсерлар ҳисобланади. Ҳозирги вақтда хорижда штатдаги ходимларни таъминлашдан кўра аутсорсинг хизматларидан ва айниқса, аутсорсинг бухгалтерия хизматларидан кенг фойдаланилмоқда. Масалан, Беларусда - 30%, Европада - 86%, АҚШда - 92%, энг юқори кўрсаткич эса - Исроилда бўлиб, 96% ни ташкил этади.
Йирик корхоналар Аутсорсинг бухгалтерия хизматларидан фойдаланишга бутунлай ўтишлари у қадар самарали эмас, чунки бундай ҳолатда масофадан туриб иш олиб борилгани сабабли ҳисобни олиб боришда оперативлик пасайиш эҳтимоли бор. Бунга йул қўймаслик учун бухгалтерияни бутунлай эмас, қисман, масалан, ойлик маош ҳисоб-китоблари, ҳисоботлар топшириш, ва ҳ.к.ларни аутсорсерларга топшириш мумкин.


















