Жаҳон | 17:20 / 30.10.2017
6813
2 дақиқада ўқилади

Дания ва Буюк Британияни дунёдаги энг узун электр кабель боғлайди

Фото: РИА "Новости"

Дания ҳукумати Буюк Британияга Viking Link доимий ток кабелини ётқизиш ҳақида қарор қабул қилди, у дунёдаги энг узунига айланади, деб хабар бермоқда Дания Энергетика вазирлиги.

"Энергетика вазири Ларс Кристиан Лиллехольт бугун Viking Link электр кабелига яшил чироқ берди, у тахминан 750 километр масофага эга бўлади ҳамда қиймати 11 млрд. кронага баҳоланмоқда. Viking Link дунёдаги энг узун электр кабелга айланади", - дейилади хабарда.

Режага кўра, кабель Жанубий Ютландиядаги Вейен шаҳридан ётқизилади ва унинг якуний нуқтасига Лондондан 170 километр шимолда жойлашган туман айланади. Viking Link’нинг катта қисми Шимолий денгиз тубидан ўтказилади. Дания Энергетика вазирлигидан аниқлик киритишларича, қурилишнинг мақсади – электр энергиясининг ишончли манбаларини яратиш ва давлатлар орасида электр қуввати билан савдо қилиш имкониятини ошириш.

Қурилиш 2019 йилда бошланади ҳамда 2022 йилда битиши режалаштирилмоқда. Унинг ўтказиш имконияти 1400 мегаваттни ташкил этади, бу Данияда истеъмол қилинувчи ўртача электр энергиясининг учдан бир қисмидан кўпроққа тенг.

Ажратиладиган маблағлар нафақат Буюк Британияга кабель ётқизиш, балки Германия билан чегарада юқори вольтли тармоқни мустаҳкамлашга ҳам йўналтирилади.

Мавзуга оид