Самарқандда фуқаролиги йўқ шахсларнинг фуқаролик олиш бўйича аризалари қай тартибда кўриб чиқилмоқда?
Самарқандда яқиндагина 7 кишига Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортлари топширилгани ҳақида хабар берилган эди. Ўтган кунлар ичида вилоятда яшовчи яна бир фуқарога — Олтиной Аюбовага ҳам фуқаролик паспорти топширилди.
Биз бу борада вилоятда ишлар қандай кетаётгани, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилиш тартиби ҳақида Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармасининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси катта инспектори Фирдавс Мардонов билан суҳбатлашдик.
— Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 20 ноябрдаги ПФ-500 сонли фармони асосида тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида» Низомга биноан амалга оширилади.
Ф.Мардоновнинг қайд этишича, айни пайтда Самарқанд вилоятида доимий яшовчи, Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги бўлмаган шахслар сони 2 ярим мингдан ортиқ. Йил бошидан бери Президент фармони асосида уларнинг 20 нафарига фуқаролик берилди.
— Фуқароликка қабул қилиш тартиби қандай? Шу ҳақда қисқача тушунтириш берсангиз.
— 1992 йил 2 июлда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида»ги қонуннинг 17-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тартиби белгилаб берилган. Низомга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги материалларни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш тартибига мувофиқ, сўнгги 5 йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган хорижий фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахс доимий истиқомат жойидаги ички ишлар органлари орқали Ўзбекистон Республикасининг Президенти номига фуқароликка қабул қилиш тўғрисида ариза беради ҳамда тегишли ҳужжатларни 2 нусхадан тақдим этади. Фуқароликка қабул қилиниш тўғрисидаги ариза 1 йил муддат ичида кўриб чиқилади.
Айни пайтда бошқармада Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқиш тўғрисидаги аризалар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган чет эл фуқароларининг Республика ҳудудида яшаш гувоҳномасини олиш бўйича аризалари ҳам кўриб чиқилмоқда.
Шуҳрат Шокиржонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024