Ижтимоий аҳамиятли дорилар импорти – тендер ва квоталарсиз
Бу Президентнинг 30.10.2017 йилдаги ПФ–5216-сон «Ўзбекистон Республикасининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган, деб хабар бермоқда Norma.uz.
Эслатиб ўтамиз, муқаддам белгиланган нархлар бўйича сотиладиган ижтимоий аҳамиятли дорилар ва тиббий маҳсулотлар импорти Ташқи савдо вазирлиги томонидан маҳаллий улгуржи ва улгуржи-чакана савдо компаниялари ўртасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аниқланадиган квоталар чегарасида ўтказиладиган тендер бўйича амалга оширилар эди.
Энди тендер ўрнига Ташқи савдо вазирлиги ҳар чоракда фақат жаҳон нархлари конъюнктураси таҳлилини ўтказади ва махсус Республика комиссиясига ижтимоий аҳамиятли дорилар ва тиббиёт буюмларининг охирги йўл қўйиладиган импорт шартнома қиймати бўйича таклифлар киритади.
Таклифларни ташқи савдо, иқтисодиёт, молия, соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда МБ ва Давлат рақобат қўмитасининг вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ кўриб чиқади. Ишчи гуруҳ ҳисоб-китоби асосида Республика комиссияси импорт шартномалари бўйича охирги йўл қўйиладиган қийматларни белгилайди.
Бундан юқори бўлган нархларда товарни етказиб бериш бўйича импорт шартномалари тузиш тақиқланади.
Бундан ташқари, мазкур тоифадаги товарларни фақат маҳаллий улгуржи ва улгуржи-чакана савдо компаниялари томонидан импорт етказиб берилиши тўғрисидаги талаблар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан квоталаш мумкин эмас.
Бунда дорихоналарда нарх белгилаш устидан назорат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Назорат инспекциясидан соғлиқни сақлаш бошқармаларининг ҳудудий органларига топширилган.
Маълумот учун: Рўйхатга киритилган импорт қилинган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари аввалгидек, ихтисослаштирилган улгуржи ташкилотлар ва дорихоналар томонидан белгиланган улгурди ва чакана нархларда сотилади. Ушбу нархлар қуйидаги формулалар бўйича аниқланади:
Ун = С х 1,15, бу ерда:
• Ун – улгуржи нарх;
• С – сотиш нархи;
• 1,15 – улгуржи савдо устама нархининг охирги йўл қўйиладиган қийматини инобатга олувчи коэффициент.
Р = С х 1,15 x 1,2, бу ерда:
• Р – қатъий белгиланган чакана нарх;
• С – сотиш нархи;
• 1,15 ва 1,2 – савдо устама нархларини инобатга олувчи коэффициентлар.
Ҳужжат 30.10.2017 йилдан кучга кирди.
Мавзуга оид
09:10
Тошкентда дорилар савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди
15:11 / 05.11.2024
Хусусий тадбиркорлар олиб кираётган машиналар учун яна бир янги тартиб жорий қилинди
12:32 / 22.10.2024
Профтаълим муассасалари техникумларга бирлашяпти – тизимда қандай ўзгаришлар бор?
15:20 / 19.10.2024