Жаҳон | 17:00 / 02.11.2017
64685
6 дақиқада ўқилади

Икки хил стандарт. Нью-Йорк теракти Трамп учун айни муддаоми?

Фото: Evan Vucci / AP

Нью-Йоркдаги терактни нега ўзбекистонлик шахс амалга оширди?

​1 ноябрь куни уйқудан уйғонишим билан яқин кунларда эшитганларим ичида энг хунук янгиликни томоша қилдим. Экранда Нью-Йорк шаҳри полицияси вакиллари кўчани тўлдириб турарди. Хабар остида эса тинмасдан ўзбекистонлик шахснинг 8 кишининг ўлимига сабабчи бўлгани ёзилиб турибди. Бунинг устига, гумондор Сайфулла Соипов «грин-карта» орқали АҚШга кўчиб кетгани бот-бот такрорланди. 

Хаёлим минг кўчага кириб чиқа бошлади: наҳот, ўзбек миллатига мансуб киши бу жирканч ишга қўл урди? АҚШдаги маҳаллий нашрлар берган маълумотга кўра, теракт содир этилган машинадан ҳайдовчининг ИШИДга алоқадорлигини тасдиқловчи қоғоз парчаси топилган. Бу ўринда нафақат миллат ва юрт номи, балки диннинг номи ҳам «қора»​ бўларкан, дея ўйлай бошладим. 

Кун охирига бориб Соипов ўзбекистонлик экани тасдиқланди. Тошкент Молия институтини тамомлаган Сайфулла Соипов ҳақида қўшнилари илиқ фикрлар билдиришди. Аммо...

Манҳэттендаги теракт ижрочиси Сайфулло Соипов Нью-Йорк судидаги дастлабки эшитувда ўзини гаров эвазига озод этишни сўрамаган. Associated Press агентлиги тарқатган хабарга кўра, ушбу шахс ўз қилмишидан афсусда эмас.​ Президент Дональд Трамп эса ҳаракат ижрочисига олий жазо тайинлашга чақирди. 

«Нью-Йорк теракти ижрочиси ИШИД байроғини палатасига осишларидан хурсанд бўларди. У 8 кишини ўлдириб, 12 кишини жароҳатлади. Уни қатл қилиш керак», дея ёзган Оқ уй раҳбари твиттерида.

Эндиликда Ўзбекистон фуқаролари АҚШга кириши тақиқланган мамлакатлар қаторига кириши мумкин. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати раҳбари Сара Сандерс журналистларнинг саволларига жавоб қайтариш асносида айтиб ўтган.

«Биз айни вақтда бунга чақирмаяпмиз, аммо буни истисно ҳам этмаймиз», — деган у матбуот анжумани вақтида.

Воқеаларнинг бундай авж олиши сал қолса, одамни эсанкиратиб қўяёзди. Энди масалага фақат мантиқ билан ёндашиб таҳлил қиламиз. Бу нега юз берди ва нима учун ўзбекистонлик шахснинг қўли билан содир этилган? Юқоридаги ҳолатни тўлиқ тушиниш учун жорий йилнинг август ойида АҚШда юз берган Шарлотсвилл намойишларини эслаб ўтамиз.

Ўшанда Шарлотсвиллдаги намойишчилар устига машина билан бостириб борган Жеймс Алекс Фильдс Кичкинанинг ҳаракатига нисбатан мамлакат раҳбари жиддий муносабатда бўлмагани масалани чигаллаштириб юборганди.

«Барчамиз бирдам бўлишимиз ва нафрат ортида турган барча нарсани қоралашимиз лозим. Америкада бундай зўравонликка жой йўқ», дея фикр билдирганди мамлакат раҳбари. «Барча нарсани қоралашимиз лозим» сўзлари остидан паноҳ топган «Ку-Клукс-клан» аъзолари, оқ танли ирқчилар жамоаси ўтган кузда бўлиб ўтган сайловда адашмаганларидан хурсанд бўлишди. Ўз номи билан аталмаган жиноятни оқлашга уриниш президент Дональд Трампнинг Оқ уйдаги обрўсига таъсир қилиб, афроамерикан фуқаролар олдида «ҳурматсиз​» кишига айлантириб қўйиши мумкин эди.

Унинг қизи Иванка Трамп, мамлакат вице-президенти Майкл Пенснинг саъй-ҳаракатлари бўлмаганида, президент туғилиб ўсган Куин тумани аҳли ҳам унинг шаънига номақбул сўзларни айтишни бошлаган эди.

Ўтган ойда, 1 октябрь куни Лас-Вегас шаҳридаги мусиқа фестивали иштирокчиларини Стивен Паддок ўққа тутган, ушбу хунрезлик оқибатида 50 киши ҳалок бўлиб, 200дан ортиқ киши жароҳатланганди.​

Иккинчи ҳолатда ОАВ «якка бўри»​ ёхуд «мерган»​ деб қайд этган қотил террор ижрочиси, дея эълон қилинмади. Юқоридаги ҳар икки жиноятни содир этганлар на иммигрант, на мусулмон эди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Нью-Йоркдаги терактдан кейин «грин-карта»ни қоралади ва лотереяларини бекор қилиш бўйича конгресс билан ишлашини айтди.

«Мен бугун виза диверсификацияси дастурини (грин-карта) бекор қилиш жараёнини бошлайман. Мен буни анчадан бери қилмоқчи эдим ва биз конгрессдан бу устида зудлик билан иш бошлашни сўраймиз. Биз бу лотерея дастуридан иложи борича тезроқ қутулишимиз керак»​, деб айтган Трамп журналистларга.

Нью-Йоркда юз берган мудҳиш воқеа ортидан Трамп ўзининг азалий ниятини рўёбга чиқаришга уринаётгани кишида шубҳа уйғотади. Мўътадил ислом дини ривожланган мамлакатлар фуқароларини АҚШга киришини тақиқлаш учун «яхши»​ дастак пайдо бўлди, ахир.

Хулоса ўрнида, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида фаолият юритган дипломат Марк Аскино фикрини ҳавола этмоқчиман. «2001 йил 11 сентябрь фожиаси юз берганида мен Тошкентда эдим. Ўшанда ўзбекистонликларнинг юртимизда бўлиб ўтган фожиа кетидан бизга кўрсатган ҳамдардлик ва меҳр-оқибатини ҳеч эсдан чиқармайман. Ҳужум уюштирилганидан бир неча соат ўтмасидан, [Тошкентдаги] Америка элчихонаси гуллар-у, ҳамдардлик мактубларига тўлиб кетганди. Ўзбекистонликлар мен ва турмуш ўртоғим билан кўришган пайтлари [АҚШда] бўлиб ўтган мудҳиш воқеа юзасидан афсусда эканликларини билдиришган. Қурбон бўлганлар ичида ўзбеклар ҳам бор эди. АҚШ «грин-карта» лотереяси кўплаб ўзбекистонликларнинг бу ерга кўчиб келишига имкон яратади. Улар жуда меҳнаткаш, ватанпарвар одамлар, бундайлар бизнинг кўп миллатли жамиятимизни янада бойитишади.

Бир аҳмоқ қилган ишларни у келиб чиққан бутун бир миллат билан боғлаш нотўғри. Шунингдек, бу фожиадан фойдаланиб, «грин-карта» лотереясига таҳдид солиш уят»​, деди у.

 

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид