Ўзбекистон Республикаси президенти «Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолагани ҳақида хабар берилганди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик) ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг:
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникалари экспертизаси ва стандартизацияси давлат марказини;
Ўзбек кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институтини;
Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институтини;
“Шарқ табобати” илмий-тадқиқот институтини Агентликка бериш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
фармацевтика тармоғини барқарор ривожлантириш стратегиясини, шу жумладан давлат-хусусий шерикликни жорий этиш орқали ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқариш, фармацевтика корхоналари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш, аҳоли ва давлат соғлиқни сақлаш муассасаларини дори воситалари, тиббиёт буюмлари ҳамда тиббиёт техникалари билан таъминлаш дастурларини амалга ошириш;
фармацевтика бозори конъюнктурасини ўрганишни ташкил қилиш, ички ва ташқи бозорларда юқори сифатли, рақобатбардош дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаларининг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга ҳамда уларни жаҳон бозорига олиб чиқишга кўмаклашиш;
аҳоли ва давлат соғлиқни сақлаш муассасаларининг дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникалари, шу жумладан уларнинг маҳаллий ишлаб чиқарилган турлари билан таъминланганлик ҳолатини тизимли таҳлил қилиш, шу асосда ички бозорни янада тўлдириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
фармацевтика тармоғи корхоналарининг асбоб-ускуналарини модернизация қилиш ва технологик қайта жиҳозлашга кўмаклашиш, чет эл инвестицияларини, шу жумладан хорижий ва халқаро молия институтларининг маблағларини кенг жалб қилиш;
дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаларини ишлаб чиқариш жараёнига инновацион технологияларни янада жорий этиш учун илмий-тадқиқот ишлари ўтказилишини ташкил этиш;






