Жаҳон | 11:00 / 15.11.2017
28072
2 дақиқада ўқилади

Ер аҳолисининг умумий давлати рекорд даражага етди

Фото: Fotolia

Ўтган 12 ой давомида сайёра аҳолисининг умумий давлати 6,4 фоизга ўсиб, 280 триллион долларни ташкил этди, бу 2012 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир. Global Wealth Report 2017’нинг 14 ноябрь куни эълон қилинган ҳисоботида шу ҳақда сўз юритилади, деб хабар бермоқда РБК.
 
Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, сайёра аҳолиси давлати, унинг аҳолисига қараганда тезроқ ўсган. Шу сабабдан ўртача моддий фаровонлик кўрсаткичи Ернинг вояга етган аҳолиси жон бошига 56,5 минг долларлик рекорд даражага етди.

Шу билан бирга, 2007 йилдан бери бадавлатликнинг тенгсиз тақсимланиши ҳам ортиб бормоқда.

Таҳлилчилар ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирда Ердаги энг бой одамларнинг 1 фоизи сайёрадаги давлатнинг 50,1 фоизига эгалик қилади. 2000-йиллар бошида бу кўрсаткич 45,5 фоизни ташкил этган бўлса, 2006-2008 йилларда 42,5 фоизга тушиб кетган, бироқ кейинги йилларда у фақат юқорига қараб ўсиб борди.

Credit Suisse экспертлари ҳисоб-китобларига кўра, кейинги беш йил давомида умумий глобал фаровонлик даражаси ошишда давом этади. 2022 йилда умумий давлат миқдори 341 трлн. долларлик кўрсаткичга етади. 

Мавзуга оид