Ўзбекистон | 01:53 / 16.11.2017
12425
3 дақиқада ўқилади

Жорий йилнинг 10 ойида 22 минг ёшлар жиноятга қўл урган

Фото: Ўзбекистон24

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда, аёллар томонидан жиноят содир этиш ҳолатларига барҳам берилмаётгани танқид қилинди. Шу сабабли оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни атрофлича ўрганиш, аниқланган муаммоларни жойида ҳал этиш, бу жараёнда, айниқса, сектор раҳбарлари, хотин-қизлар қўмиталари ҳамда жамоатчиликнинг масъулиятини ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Давлатимиз раҳбари фақат жазо қўллаш таҳдиди билан эмас, аввало, аҳоли онгига жиноятга қўл урмаслик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, Ватанга садоқатли бўлиш, атрофдаги инсонларга юксак ҳурматда бўлиш каби фазилатларини сингдириш лозимлиги, бунда оммавий ахборот воситалари, радио-телевидение, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар матбуот хизматлари янада фаоллик кўрсатиши зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятчилик масаласи батафсил муҳокама қилинди. Бу борада аҳвол ташвишланарлидир. Хусусан, жорий йилнинг 10 ойи давомида ёшларнинг 22 минг нафари жиноятга қўл урган. Бу рақам жиноят содир этган жами шахслар кўрсаткичининг учдан бир қисмини ташкил қилади. Ачинарлиси шуки, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан 875 та, мактаб ўқувчилари томонидан эса 310 та оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилишига йўл қўйилган.

Тошкент юридик коллежи ўқувчилари дарс вақтида муассаса ҳовлисида ўзаро жанжаллашиб, оқибатда бу улардан бирининг ўлимига, бирининг эса оғир жароҳат олишига сабаб бўлгани каби ҳолатлар қайтарилишига йўл қўймаслик зарурлиги таъкидланди.

Мажлисда ёшлар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш, бу борада таълим муассасалари ва ички ишлар органларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва масъулиятини ошириш масалалари таҳлил қилинди. Шу мақсадда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига ўқувчи-талабаларнинг дарсдан ташқари вақтларини самарали ўтказишни ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, мактабгача ва мактабдаги таълим даврида тадбиркорлик қобилиятини шакллантиришга алоҳида эътибор бериш, бу жараёнга малакали кадрларни жалб этиш, ёшлар учун бизнес соҳасига оид адабиётлар яратиш юзасидан топшириқлар берилди.

Мавзуга оид