16 ноябрдан бошлаб, ЖЧ-2018 учрашувлари учун чипта савдосининг илк босқичи якуний паллага киради. Эслатиб ўтамиз, ўйинлар Россиянинг қўйидаги 11 шаҳрида, 12 стадионда бўлиб ўтади: Москва, Санкт-Петербург, Волгоград, Калининград, Қозон, Нижний Новгород, Самара, Саранск, Сочи, Ростов-на-Дон ва Екатеринбург.

Фото: © РИА Новости

Аввало шуни  айтиш лозимки, 2018 йилнинг апрель ойларигача билетларни фақат интернетда, ФИФА сайти орқали сотиб олиш мумкин.  

16 ноябрдан нима бошланди?

12 октябргача бўлиб ўтган савдода фақат қуръа асосида чипталар тақсимланди. Қуръа тасодифий танлов асосида «бахтли» харидорларни белгилади, табиийки, талабгорларнинг катта қисми ўша босқичда чипта қўлга кирита олишмади. Чипталар учун 3.5 миллион ариза топширилган бўлса, ФИФА томонидан фақат 622 минг киши танланди холос.

16 ноябрь куни соат 12.00дан бошлаб, мухлислар жонли навбат орқали чипталарни сотиб олиш имкониятига эга бўлди. Талабгорларнинг ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши кутилмоқда, шунинг учун имкони борича тезроқ ҳаракат қилиш талаб этилади. Бу босқич то 28 ноябргача давом этиши кўзда тутилган.

Чипталар нархи қанча ва энг арзон чиптани сотиб олиш мумкинми?

Ҳаммаси бўлиб 4 тоифадаги чипталар мавжуд. Ҳар доимгидек, майдонга узоқ-яқин, қулай-ноқулайлигига қараб тоифаларга ажратилган. Харидорга чипта сотиб олмасдан олдин стадионлар схемаси тақдим этилади. Шунингдек, олдиндан ФИФА расмий сайтига кириб, мана бу ерда схемалар билан танишиб чиқиш имкони бор.

Ҳозирги босқичда биринчи, иккинчи ва учинчи тоифадаги чипталарни сотиб олиш мумкин холос. Тўртинчи, энг арзон чипталар фақат Россия фуқаролари ёки Россияда доимий истиқомат қиладиган шахслар учун мўлжалланган. Айтиш мумкинки, бу тоифадаги чипталар юқорида тилга олинган, октябрь ойида тугаган босқичда тўлиқ сотилиб бўлинган.

Муайян стадион учун чипталар тўпламини сотиб олиш ҳам мумкин. Турнир давомида бир шаҳарда яшаб, фақат ўша ердаги ўйинларни томоша қилишни истаган мухлислар учун бу вариант қўл келади.