ФИФАнинг янги бизнес модели мухлисларни ранжитяпти. Инфляцияни ҳисобга олган тақдирда ҳам, АҚШ, Канада ва Мексикада ўтадиган бу галги жаҳон чемпионати чипталари нархи 2022 йил Қатардаги турнирдан икки баравар, 1994 йил АҚШдаги мусобақага нисбатан эса қарийб тўрт баравар қимматроқ. The Economist’нинг ёзишича, ўзгарган нарх сиёсати катта таваккалга асосланган. Чипталар ҳали тўлиқ сотилиб бўлингани йўқ ва мезбон шаҳарлардаги меҳмонхоналар тўлмаган. Юқори нархлар савдо пасайиши оқибатида юзага келган зарарни қопласа ҳам, ФИФАнинг кўпроқ даромад келтирадиган бошқа манбаларига салбий таъсир қилиши мумкин.
Халқаро футбол федерацияси президенти Жанни Инфантино ФИФАни “дунёга бахт улашувчи ташкилот” дея таърифлайди. Аммо, бу йил Шимолий Америкада ўтадиган Жаҳон чемпионатида бу “бахт” қимматга тушиши мумкин, деб ёзади The Economist.
Мундиал гуруҳ босқичи ўйинлари учун энг арзон чипталар нархи ўртача 200 долларни, финал учрашуви чипталари эса камида 2030 долларни ташкил этади. Бу эса 2026 йилдаги чемпионатни тарихдаги энг қиммат маданий тадбирга айлантириши мумкин.

Одатда жаҳон чемпионати ўйинлари учун чипталар бозор кўтара оладиган нархдан анча арзон сотиб келинган. Турнир тарихи давомида талаб ҳар доим таклифдан юқори бўлиб келади. Шундай бўлса-да, кўпроқ пул ишлаш ўрнига, ФИФА нархларни оддий мухлислар сотиб оладиган даражада ушлаб келган ва чипталарни лотерея кўринишида тарқатган. Ташкилот молиявий барқарорлиги учун чипта тушумидан кўра, трансляция ва ҳомийлик ҳуқуқлари анча муҳимроқ аҳамият касб этади.

Бу йил эса вазият бошқача. Илк бор ФИФА чипталар савдосини маҳаллий ташкилотчиларга топшириш ўрнига, бевосита ўз назоратига олди. Ташкилот “динамик нархлаш” тизимини жорий қилди, яъни талаб ошгани сари чипталар нархи ҳам кўтарилади. Шунингдек, расмий қайта сотув платформаси ишга туширилди ва у ерда харидор ҳам, сотувчи ҳам амалга оширилган савдо учун 15 фоизлик комиссия тўлайди.
Инфляцияни ҳисобга олган тақдирда ҳам, АҚШ, Канада ва Мексикада ўтаётган бу галги Жаҳон чемпионати чипталари нархи 2022 йил Қатардаги турнирдан икки баравар, 1994 йилги АҚШ турнирига нисбатан эса қарийб тўрт баравар қимматроқ.











