Ўзбекистон | 17:37 / 25.11.2017
11844
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Арипов Асқар Маминни қабул қилди

Фото: UzReport

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 24 ноябрь куни Қозоғистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Асқар Маминни қабул қилди.

Учрашув давомида Ўзбекистон ва Қозоғистон вакиллари саноат кооперацияси, агросаноат, ҳарбий-техник, аэрофазовий, транзит-транспорт соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди.

Томонлар ер ва сунъий йўлдош алоқасини масофадан туриб зондлаш учун Қозоғистоннинг сунъий йўлдошли гуруҳи хизматларини тақдим этиш имкониятларини кўриб чиқдилар.

Учрашувда Асқар Мамин икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми жорий йилнинг январь-сентябрь ойида 30%га ошгани ҳамда 1,5 млрд. долларни ташкил этганини таъкидлаб ўтди. Унинг фикрига кўра, 2017 йилнинг охирига келиб савдо айланмаси 2 млрд. долларга етади.

Мамин 2020 йилга келиб салоҳиятни ҳисобга олган ҳолда ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш кераклигини қайд этди.

Томонлар минтақавий ва чегараолди ҳамкорлиги - икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналиши мавжуд салоҳиятини рўёбга чиқаришни қўллаб-қувватлашди.

Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов шу нуқтаи назардан Минтақалараро ҳамкорлик форумини ташкил этиш ғоясини қўллаб-қувватлади. Мазкур форум Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш учун асос бўлиши керак.

Шунингдек, Қозоғистон делегацияси Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Очил Раматов томонидан ҳам қабул қилинди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон бош вазир ўринбосарлари савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ҳамда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, шунингдек, товарлар турларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди.

Мавзуга оид