2017 йилнинг 28-29 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон маданий мероси” мультимедиа лойиҳаси доирасида “Замонлар чорраҳаси: ўтмишнинг буюк мероси – маърифатли келажак пойдевори” мавзуидаги Халқаро медиа-форум ўтказилмоқда.

Тадбирга дунё илм-фанининг етук намоёндалари, музей, кутубхона, илмий институт ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамда маҳаллий олим ва экспертлар ташриф буюрган. Тадбирда иштирок этаётган Кun.uz мухбирининг қайд этишича, форумда “Ўзбекистон маданий мероси” лойиҳаси доирасида чоп этилган навбатдаги бешта китоб-альбомнинг тақдимоти ҳамда 49 та давлатнинг 136 та музей ва кутубхоналарига уларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтмоқда. 

Бадарш Дендев, UNESCO’нинг Ўзбекистондаги вакили:

“Ўйлашимча, бугунги Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий меросини сақлаб қолиш ва уни дунё миқёсида кенг тарғиб этишга йўналтирилган медиа-форум нафақат олимлар, халқаро ташкилотлар учун, балки ёш авлод учун ҳам муҳим аҳамият касб этади”.

Гюнтер Оверфельд, Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси:

“Тадбир жуда ажойиб ва мазмунли ўтмоқда. Бугун икки ҳолатга гувоҳ бўлдим: Биринчиси, Ўзбекистон маданий тарихини сақлаб қолган ҳолда буни келгуси авлодга етказишдаги саъй-ҳаракатлар, иккинчиси эса, мана ҳаракатларни ҳамжиҳатликда олиб бориб, буни жаҳонга етказишда дунё томонидан Ўзбекистоннинг бой маданий меросига бўлган катта қизиқишидир”. 

Мьюша Север, Ўзбекистондаги "Минтақавий мулоқот" (Regional Dialogue) ННТ раҳбари: 

“Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг қадимий қўлёзмалари тақдимоти жуда муҳташам, қизиқарли тадбирга айланди. Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказини очганидан, очиғи жуда ҳам хурсанд бўлдим. Мен бу борада Ўзбекистоннинг ноёб салоҳияти борлигига доим ишонганман. Ўзбекистон нафақат биз одатда, кузатиб бораётган йўналишлар – ҳуқуқ, жамоатчилик билан алоқлар, ижтимоий, иқтисодий соҳани ривожлантиришга, балки буюк алломаларнинг нодир дурдоналари, тарихий ёдгорликларни ҳам асраб-авайлаган ҳолда ёшларга, жаҳонга намойиш этишга интилаётгани таҳсинга сазовор. Бу ерда олимлар, тадқиқотчилар, ёши улуғ, тажрибали инсонларнинг иштирок этиши ҳам муҳим рол ўйнайди”.