27 ноябрь куни «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. 

Ушбу қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарлари, ҳукумат аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарларининг самарали ва натижали ишини таъминлаш, уларнинг шахсий масъулиятини кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмаси қайта шакллантирилиб, янги комплекслар ва вазирлик ташкил этилди.

Қарорга биноан Вазирлар Маҳкамаси тузилмасига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплекси раҳбарлари лавозимлари киритилди (Бу комплекс шу вақтгача бош вазир тасарруфида бўлган Соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари ахборот-таҳлил департаменти ҳамда Маданият, санъат ва туризмни ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти ўрнида юзага келди). 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Инновацион ривожлантириш вазирлиги ташкил этилди.

Нодир Отажонов ва Зойир Мирзаев раҳбарлик қилаётган комплекслар номи, мос равишда, Ташқи савдо фаолияти, экспорт салоҳияти, машинасозлик, автомобилсозлик, электротехника, мудофаа, пахтани қайта ишлаш ва енгил саноатни ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплекси ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплекси деб ўзгартирилди. Биринчи ўринбосар Очилбой Раматов, ўринбосарлар Алишер Султонов ва Танзила Норбоеванинг вазифалари ўзгармаган.

Қуйида бу ўзгаришлардан кейинги янгиланган ҳукумат таркиби билан танишиш мумкин. Энди ҳукуматда саккиз нафар бош вазир ўринбосари бор.

Вазирлар Маҳкамасининг шахсий таркиби

Фото: Uzdaily

Абдулла Ниғматович АРИПОВ

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири

Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари департаменти;

Ахборот тизимлари ва телекоммуникацияларини ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти;