Спорт | 15:49 / 02.12.2017
23918
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда футболчиларнинг ёшини кичрайтириш ҳолати аниқланди, масъуллар бутун умрга футболдан четлатилди

Фото:  ЎФФ

Шу йилнинг 23-29 ноябрь кунлари Бухоро шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар терма  жамоаларининг  2000-йилда туғилган ўсмирлар гуруҳлари ўртасида Республика чемпионатида Сирдарё вилояти терма жамоаси таркибида ёши кичрайтирилган ва қайдномадан ўтмаган футболчи иштирок этаётгани ЎФФ вакили томонидан аниқланган ва Сирдарё вилояти терма жамоасининг барча натижалари бекор қилиниб, мусобақадан четлаштирилган, дея хабар бермоқда ташкилот расмий сайти. 

Бухоро шаҳрида ўтказилган футбол бўйича Республика чемпионатида аниқланган камчиликлар, нохолислик, кўзбўямачилик ва мамлакатимизда болалар ва ўсмирлар футболини ривожига тўғаноқ бўлаётган иллатларни келгусида бартараф этиш ҳамда мусобақада иштирок этувчи жамоа раҳбарлари ва мураббийларининг масъулиятини ошириш мақсадида Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Умид Аҳмаджоновнинг буйруғи чиқди. 

Буйруқда Сирдарё вилояти жамоаси мусобақада ёши кичрайтирилган ҳамда мусобақада иштирок этиш баённомасига киритилмаган футболчилар билан иштирок этган ҳолда, нохолисликка йўл қўйгани, маълумотларни қалбакилаштиргани сабабли вилоят жамоасига масъул бўлган шахслар Жаҳонгир Муродқосимов ва Аҳрор Миразимовларни футболдан бутунлай четлаштириш ва уларга футбол фаолияти билан шуғулланиш учун берилган лицензия, сертификатларни бир умрга бекор қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасига тақдимнома киритилиши айтиб ўтилган. 

Шунингдек, Сирдарё вилояти футбол федерацияси аниқланган фактлар юзасидан тегишли масъулларга кескин чоралар кўриши ва кўрилган чоралар тўғрисида 3 кун муддатда  Ўзбекистон футбол федерациясига маълумот тақдим этиши белгилаб қўйилган.

Мавзуга оид