Жаҳон | 18:00 / 08.12.2017
54584
5 дақиқада ўқилади

Сайфулло Соиповнинг АҚШ ва Ўзбекистондаги активлари мусодара этилиши мумкин

Фото: Reuters

Америка суди ўзбекистонлик Сайфулло Соиповнинг АҚШ ва бошқа давлатлар ҳудудларидаги мол-мулкини мусодара этиш ҳақида қарор чиқарди. Унинг ота-онаси уйдан, ўзи эса – иккита фирмадан айрилиши мумкин.

Лайф нашрига Нью-Йорк судининг Сайфулло Соиповга нисбатан қарори келиб тушган, у Нью-Йоркда октябрь ойи охирида одамларнинг устига юк машинасини ҳайдаб борган. Жанубий округ суди барча мулкларни, жумладан, ўзбекистонлик 29 ёшли шахс терактга тайёргарлик кўришда қўллаган бўлиши мумкин бўлган нарсаларни хатловга олишни талаб қилди. АҚШда Соиповнинг рафиқаси ва фарзандлари яшайди, шунинг учун улар ҳам уйидан айрилиши мумкин. Унинг ота-онасига тегишли кўчмас мулк ҳам таҳдид остида қолган: агарда Ўзбекистон ҳукумати АҚШ талабларини бажарса, уларнинг уйи Америка бюджети даромадига ўтказилиши мумкин.

Ҳэллоуин куни, тахминан соат 15.00ларда, Манҳэттеннинг жанубий қисмида оқ пикап-юк машинаси пайдо бўлган. У велосипедчилар йўлагига чиққан ва одамларни босиб кетишга уринган. Пикап бир неча ўн метр юриб, мактаб автобусига келиб урилган. Ҳайдовчи - Сайфулло Соипов – кабинадан тушган. У тўппончаларни кўтариб олганди. Полициячилар унга қарата ўт очишди, оғир жароҳатлашди ва бир неча дақиқадан сўнг қўлга олишнинг уддасидан чиқишди. Соипов саккиз кишининг умрига зомин бўлди ва яна 15 инсонни жароҳатлади. 

Юк машинасида ёзув топилган, унда Соипов ИШИД террорчилик гуруҳига содиқлик келтиргани айтилган. Уни шифохонага, ўқ орқали яраланганидан тузалгач – судга олиб кетишди. Лайф айблов акти матнига эгалигини иддао этди. Соиповни 22 банд бўйича айблашмоқда: қотиллик, соғлиққа зарар етказиш ва ҳаттоки терроризмни молиялаштириш. Маълум бўлишича, у ҳар ойда ИШИДлик радикалларга маълум бир суммаларни юбориб турган. Бундан ташқари, ҳужжатларда мол-мулкни бутунлай мусодара этиш ҳақида сўз юритилади.

- Соипов ўз қилмиши, автомобилни одамларга атайин ҳайдаб бориш билан инсон ҳаётига бепарво муносабатда эканини кўрсатиб берди, - дея ёзади Америка суди. – Жавобгар Қўшма Штатларга ўз мол-мулки ва активларига, ҳам маҳаллий, ҳам хориждагисига эгалик қилиш бўйича барча ҳуқуқларни топшириши керак. Бу талаб барча мол-мулкни баҳоловчи пул миқдори беришни ҳам ўз ичига олади.

Соипов қонли акцияга бир йил муқаддам тайёргарлик бошлагани айтилади. Унинг телефонида ИШИДга қарши курашчиларнинг қатли акс этган ўнлаб видеолар топилди. АҚШда у ФҚБ кузатувида бўлган шахслар билан учрашган. Унинг пикапида эса пичоқлар ва электршокер бўлган сумка топилган.

Соиповнинг рафиқаси Нозиманинг билдиришича, турмуш ўртоғининг режалари ҳақида ҳеч нарса билмаган. Ҳозирда у тергов билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Ўлим жазосига маҳкум этилиши мумкин бўлан Соиповнинг уч фарзанди бор.

Эндиликда оиладан унинг бошлиғи томонидан ишлаб топилган мол-мулкларни тортиб олишлари мумкин. Сўнгги йилларда улар Нью-Йорк яқинидаги Нью-Жерси штатида жойлашган ғиштли уйда истиқомат қилиб келишган. Куч маҳкамаси ходимлари у ердан турли қоғозлар, Соиповнинг шахсий буюмларини олиб кетишди. Соипов АҚШга 2010 йилда келганидан бери иккита транспорт компаниясига асос солган – биттаси юк ташувлари билан, иккинчиси – хусусий ташувлар билан шуғулланган. Уларнинг молиялари ва мол-мулки ҳам давлат ҳисобига ўтказилади.

ФҚБ Соиповлар оиласининг Ўзбекистондаги активларига ҳам кўз тиккани айтилди. Агарда Ўзбекистон АҚШ талабларини қаноатлантирса, Соиповнинг ота-онаси ўз уйидан айрилиши мумкин. Унинг отаси узоқ йиллар давомида бозордаги савдо нуқтасига эгалик қилган ва Тошкент четидаги катта уйга эга. 

Шу билан бирга, Соипов, афтидан, ўз оиласини ўта оғир аҳволга солиб қўйгани, ота-онасига эса кўп ташвиш келтиргани билан иши йўқ шекилли, дейилади нашр мақоласида. У айбини тан олишдан бош тортмоқда ва ҳаттоки шифохонадаги хонасига ИШИД байроғини олиб келишларини талаб қилган. Суд маслаҳатчиларининг кейинги йиғилиши январь ойи охирига белгиланган.

Мавзуга оид