Жаҳон | 14:42 / 18.05.2023
34171
2 дақиқада ўқилади

Сайфулла Соипов 8 карра умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

2017 йилда Нью-Йоркда теракт содир этишда айбдор деб топилган Ўзбекистон фуқароси Сайфулла Соипов Америка суди томонидан кетма-кет 8 та умрбод жазо, шунингдек, 260 йиллик қамоқ муддатига ҳукм қилинди. АҚШ Адлия вазирлигига кўра, ҳукм 17 май куни чиқарилган.

Фото: Getty Images

Қарорни шарҳлар экан, бош прокурор Меррик Б. Гарланд шундай деди:

«Ҳукм Сайфулла Соипов ИШИДнинг пухта режалаштирилган теракти оқибатида саккиз нафар бегуноҳ жабрдийдани шафқатсизларча ўлдиргани учун бутун умрини федерал қамоқхонада ўтказишини билдиради». 

Ўз навбатида, АҚШнинг Нью-Йорк Жанубий округи прокурори Дэмиан Уилямс «саккизта умрбод қамоқ жазоси Соипов теракт содир этганида ўзи бошига етган саккизта ҳаётдир, 260 йиллик қамоқ жазоси эса - 18 та қотилликка, жумладан, тўрт нафар болани ўлдиришга уриниш учун энг кўп жазо» эканлигини тушунтирди. 

2023 йил январида ҳакамлар ҳайъати Ўзбекистон фуқароси Сайфулла Соиповни 2017 йилда Нью-Йоркда теракт содир этиш ва саккиз кишини ўлдиришда айбдор деб топди. 

Март ойида Соипов устидан маҳкама жараёнида иштирок этган ҳакамлар ҳайъати ўлим жазоси учун зарур бўлган бир овоздан қарор қабул қила олмагани, шу боис айбланувчи умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши хабар берилган эди. 

Сайфулла Соипов 2017 йил 31 октябр куни Нью-Йоркдаги машҳур велосипед йўлагида юк машинасини одамлар устига ҳайдаган. 

Соипов Нью-Жерсида юк машинасини ижарага олган, уни Ҳадсон дарёси бўйидаги йўл бўйлаб бошқарган ва Жаҳон савдо маркази яқинида мактаб автобусига бориб урилишдан олдин бир нечта велосипедчиларни босиб кетган. Шундан сўнг у қўлида ов милтиғи ва пейнтбол тўппончаси билан юк машинасидан тушган. Шунда полиция уни ўқотар қуроллар билан таслим қилган.

Ҳужум оқибатида 8 киши ҳалок бўлди, кўплаб одамлар оғир жароҳат олди, жумладан, бир аёл икки оёғидан ажралди.

Соипов 2010 йилда Ўзбекистондан қонуний равишда АҚШга кўчиб ўтган ҳамда Оҳайо, Флорида ва Нью-Жерсида яшаган.

Мавзуга оид