Кеча — 11 декабрь куни Европа Чемпионлар Лигасининг плей-офф босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтганди. Унга кўра, чорак финали йўлида тўқнашадиган 8та жуфтлик номи аниқ бўлди.
8та беллашув икки ҳафта давомида ўтказилади. Дастлабки учрашувлар 13-14 февраль ва 20-21 февраль кунларига, жавоб учрашувлари 6-7 март ва 13-14 март кунларига белгиланган.
ШАХТЁР - РОМА

Ҳар икки жамоа ҳам қуръа натижасидан рози бўлишлари табиий, сабаби, бундан кучлироқ рақиблар рўбару келиши ҳам мумкин эди. Ушбу жуфтлик ғолиби гўёки чорак финалда энг кучсиз рақиб бўлиши мумкинлиги тахмин қилинаётган бўлса-да, бу жамоаларни мағлуб этиш ҳар қандай клубга осон бўлмайди.
«Шахтёр» гуруҳда А Серия пешқадамларидан бири «Наполи»ни ортда қолдирганини ҳисобга олсак, «Рома» бу жиҳатга жиддий эътибор қаратиши лозим. Ўз навбатида, римликлар «Атлетико» ва «Челси» каби кучли жамоалар қатнашган гуруҳда пешқадам бўлган.
Хуллас, бу жуфтлик ЕЧЛ дурдонаси эмас, аммо тенг ва кескин кураш керак бўлса, бу ўйинлардан топишингизга кафолат бор.
Факт: Жамоалар 2010/11 мавсумидаги 1/8 финалда ҳам рақиб бўлишган. «Шахтёр»нинг Римдаги (3:2) ғалабасидан сўнг, «Рома» бош мураббийи Клаудио Раньери истеъфога чиққан.
БЕШИКТОШ - БАВАРИЯ

Немислар гуруҳда иккинчи ўринни олиб, плей-офф олдидан ўзларини хавфга қўйган бўлишса-да, омад келганини айтиш мумкин. Айтиш мумкинки, гуруҳ ғолиблари ичида энг осон жамоа сифатида айнан турклар кўрсатилаётганди.
Аммо бу фақат дастлабки хулоса. Биринчидан, «Бешиктош» гуруҳ босқичини бир маромда ўтказди ва очко тўплаш бўйича турк жамоалари учун рекорд кўрсаткич қайд этди. Иккинчидан, сўнгги икки мавсумда миллий чемпионатда ғолиб чиққан истанбулликлар ушбу мавсумда Туркияда бироз беқарор, бу эса, уларга бутун эътиборни айнан ЕЧЛ ўйинларига қаратиш имконини беради. Учинчидан эса, туркларнинг Германияда деярли мезбонлар каби мухлисларнинг қувватлашларига эга бўлишлари сир эмас.
Шунингдек, «Бешиктош» гуруҳ босқичида айнан немис жамоасини ҳар икки ўйинда мағлубиятга учратганини ҳам эътироф этиш керак.
Нима бўлгандаям, бу «Бешиктош»га ёрдам бериши мумкин бўлган жиҳатлар холос, аслида, албатта, ўйиннинг яққол фаворити Ҳайнкесс шогирдлари ҳисобланади.





















