12 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимиз тиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
«Бугун юртдошларимиз барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар самараларини, хусусан, аҳоли учун муносиб ҳаёт даражасининг сифати тубдан яхшиланаётганини ўзларининг кундалик турмушлари мисолида кўриб турибди.
Зеро, фуқароларнинг бахтли-саодатли, фаровон умр кечиришини кафолатлаш, ҳуқуқ ҳамда эркинликларини муҳофаза қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада яхшилаш, халқимизни тиббиёт тизими фаолиятидан рози қилиш – барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир», деди давлатимиз раҳбари.
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг ушбу соҳани ривожлантириш, уни тубдан ислоҳ қилишга қаратилган қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Бу борада бирламчи тиббиёт хизмати, шошилинч ва тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган тиббий хизмат, хусусий тиббиёт, аҳолининг репродуктив саломатлигини асраш каби йўналишлар устувор вазифа қилиб белгиланган.
2016 йил билан қиёслаганда, ўзгаришлар яққол кўзга ташланади. Жорий йилда оилавий поликлиникалар 793тага кўпайди. Туну кун фаолияти кўрсатадиган 793 қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил этилиб, уларда тез тиббий ёрдам шохобчаси ҳамда кундузги стационарлар очилди. Оналар ўлими 19дан 18,2га тушди. Сил билан касалланиш кескин камайди. Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳудудларга 2407 марта чиқди, ваҳоланки 2016 йилда бу рақам 500дан аранг ошган эди. Ўтган йили уларнинг хизматидан 30 минг киши фойдаланган бўлса, жорий йил кўрсаткич 220 мингга чиқди. 99 нафар малакали шифокор хориждан юртимизга қайтиб келиб, эндиликда халқимизга хизмат қилмоқда.
Тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор берилмоқда. Муҳтож фуқароларни реабилитацион техник воситалар билан таъминлаш 90 фоизгача оширилди. Ногиронлар аравалари, эшитиш мосламалари каби буюмлар билан таъминлаш икки ҳисса ортди. Тиббий-ижтимоий муассасаларини қуриш ва реконструкция қилиш мақсади учун 49,3 миллиард сўм, яъни 2 баробар кўп маблағ ажратилди.
Соҳа учун кадрлар тайёрлаш ишлари кўлами кенгаймоқда. Олий маълумотли шифокорлар тайёрлаш учун қабул квоталари сони 3445тага етказилди, шундан 1180таси мақсадли ҳудудий квотадир. Клиник ординатурада тайёрлаш бўйича ҳам квоталар оширилди.
Тиббиётда хусусий секторни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар натижасида ихтисослик турлари 50тадан 126тага кўпайди; солиқ ва божхона имтиёзлари 2022 йилга қадар узайтирилди; “Асака” банки ҳузурида “Нодавлат тиббиёт муассасаларини ривожлантириш жамғармаси” ташкил этилди, хусусий тиббиёт муассасалари сони 400тага кўпайди. Айни пайтда давлатга қарашли ва хусусий тиббиёт муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳити шаклланди.
















