08:41 / 14.12.2017
10804

Тошкентда бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш маркази очилди

Фото: Inside Housing

Тошкентнинг Чилонзор туманидаги “Яккабоғ” маҳалла фуқаролари йиғини ҳузурида аҳолига бепул юридик маслаҳат бериш ҳуқуқий маркази очилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати маълум қилди.      

Марказ фуқароларга, биринчи навбатда аҳолининг заиф қатламлари вакилларига бепул ҳуқуқий ёрдам олишда, фуқароларнинг ўз ҳуқуқларидан хабардорликлари даражасини оширишда кўмак кўрсатади. Марказ вазифаларига янги қабул қилинган қонунларни аҳолига етказиш, амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларни амалиётда қўллашни тушунтириш, маҳалла фуқаролари йиғинларига амалий масалаларни ҳал қилишда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш киради. 

Марказ, шунингдек, фуқаролик-ҳуқуқий масалалар, оилавий, меҳнат ва бошқа ҳуқуқий муносабатлар бўйича муаммоларга эга фуқароларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатади.   

Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳуқуқшунослар томондан амалга оширилади. Улар, шунингдек, фуқароларга ҳуқуқий мазмундаги ҳужжатларни тузишда кўмак кўрсатишади.  

Марказ Бош прокуратура ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан биргаликда амалга оширилаётган “Прокуратура идоралари фаолияти очиқлигини такомиллаштириш ва жамоатчиликнинг ахборотга эга бўлишлигини кенгайтириш йўли билан жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Top