Жаҳон | 09:40 / 15.12.2017
18849
4 дақиқада ўқилади

Россия самолётлари Сурияда коалиция ҳудудига кирди, руслар аксини айтмоқда

Фото: ТАСС

13 декабрь куни Сурия ҳаво кенгликларида АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари самолётлари Россиянинг Су-25 штурмовиклари билан тўқнашишига бир бахя қолди.

The Independent нашри номини сир тутган америкалик амалдорга асосланиб хабар беришича, АҚШ Ҳарбий ҳаво кучларининг F-22 русумли қирувчи самолёти Россиянинг Су-25 русумли самолётлари келишувни бузиб, коалиция тасарруфидаги ҳудудга кирганида огоҳлантирувчи ракеталар учирган. Шундан кейин россияликлар самолётлари ҳудудни тарк этган.

Америкаликлар манбаси сўзларига кўра, бу ҳудудда таранг вазият бир неча дақиқа сақланиб турган.

Кейинроқ Пентагон вазият бўйича расмий баёнот берди. Россия Мудофаа вазирлиги эса воқеалар ривожини бошқача талқин қилмоқда.

Америка томони баёнотига кўра, иккита Су-25 Суриянинг Абу-Камол шаҳри яқинида Фротнинг шарқий қирғоғига ўтган (Россия билан тузилган  келишувга кўра дарёнинг иккинчи томони коалиция назоратида). Бу самолётларни коалициянинг қуруқликдаги ҳаракатлари хавфсизлигини таъминловчи иккита F-22 самолётлари кутиб олган.

Пентагон талқинига кўра, F-22 самолётлари Су-25 самолётлари ҳудудни тарк этиши учун кўплаб манёврлар амалга оширган, жумладан, атрофга тўлқин тарқатилган, огоҳлантирувчи ракета учирилган. Шунингдек, россиялик учувчилар билан боғланиб, улардан ҳудуддан кетиш сўралган.

Маълум бир лаҳзаларда россияликларнинг самолётларидан бири F-22 самолётига жуда яқин келган. Америкаликлар бу вазиятда тўқнашувдан қочиш учун агрессив ҳаракатлар амалга оширишга мажбур бўлишган. Худди шу вазиятда осмонда Россиянинг Су-35 самолёти пайдо бўлган, у бошқа бир F-22As самолётини таъқиб қилган.

Бу ҳолат 40 дақиқа давом этган, кейин россияликлар самолёти Фротнинг ғарбий қирғоғига қайтиб кетган. Пентагон бу вақтда доимий равишда Россия томони билан алоқада бўлиб турган ва вазиятни таранглаштирмасликка ҳаракат қилган.

Россия Мудофаа вазири воқеани бошқача тарзда ҳикоя қилмоқда.

РФ Мудофаа вазирлигининг баёнотига кўра, 13 декабрь куни иккита Су-25 самолётлари Маядин ҳудудида 3300 м баландликда гуманитар карвонни қўриқлаб борган. Шу вақтда Фротнинг шарқий соҳили томонидан америкаликларнинг F-22 қирувчи самолётлари учиб келган. Бу самолётлар турли манёврлар билан Су-25 самолётларига халақит қила бошлаган. Шундан сўнг 10 минг метр баландликдаги Су-35С пастга тушиб, F-22 самолётининг орт томонига ўтган, натижада америкаликлар ҳудудни тарк этишга мажбур бўлган.

Пентагон томони қайд этишича, ноябрь ойида томонлар Россия Фротнинг ғарбий қирғоғида, коалиция кучлари эса шарқий қирғоқда ҳаракатланиши бўйича келишиб олганди.

Келишувга қарамасдан, америкаликлар маълумотига кўра, Россия самолётлари тез-тез бу келишувни бузмоқда. Россия ва Сурия авиациясининг ҳарбий учишларидан 10 фоизи коалиция тасарруфидаги ҳаво кенглигига тўғри келади. Америкаликлар бундай ҳаракатлар адашув туфайлими, ёки қасддан қилинган, аниқлай олмасликларини айтишади.

Пентагон маълум қилишича, коалиция кучлари агар Россия самолётлари коалицияга хавф туғдирадиган ҳаракатларни амалга оширса, уриб туширишига тўғри келади. Шу билан бирга, бу коалициянинг мақсади Россия ва Сурияга қарши эмас, ИШИД жангариларига қарши уруш олиб бориш экани қайд этилган.

Абу-Камол Ироқ билан чегара яқинидаги шаҳар бўлиб, Россиянинг Хмеймимдаги базасидан 600 километр масофада жойлашган. Россия Мудофаа вазирлиги баёнотида келтирилган Маядин эса Абу-Камолдан 80 километр масофада.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид