KUN.UZ’га мурожаат йўлланди. Унинг нима ҳақида эканлиги ҳақида гапириб ўтирмай, мактубнинг мазмуни ҳақида сизларни таништиришга қарор қилдик.
“Ассалому алайкум. Фарғона вилояти, Қува тумани, “Ифтихор” қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли “Ёмонжар” (баъзи ўринларда “Наримон”) деб юритилувчи, 263 хўжаликдан таркиб топган маҳалла аҳолиси ҳозирда табиий газ таъминотининг узиб ташлангани боис танг аҳволда қолган. Бунинг батафсил тафсилоти қуйида келтирилади.
Бизнинг маҳалла бугунги кунгача ўз мавқеи, ўз ўрнига эга бўлган, аҳолиси жонкуяр, меҳнаткаш, борига қаноат қилувчи оддий одамлардан таркиб топган. Бу ерда ҳамма бир ёқадан бош чиқариб, аҳилликда қарийб 50 йилдан буён оқма газ тизимидан унумли фойдаланиб, тўловларни ўз вақтида етказиб, хавотирсиз ва ҳаловатда яшаб келаётгандик. Бироқ, қўққисдан, айни қиш чилласининг яқинлашуви, яъни 1 ноябрдан туман газ раҳбарияти томонидан ёниб турган газимиз узиб ташланди. Эмишки, бизнинг маҳалла “қониқарсиз, газ етиб бормайдиган ҳудуд” экан. Уларнинг гапига рози бўлсак ҳам, ақлимиз бир нарсага етмаяпти. “Нега бизга қўшни, атрофимизда жойлашган, ҳаттоки 5-6 км узоқликдаги масофадаги маҳаллаларда газ тизими мавжуд? Эҳтимол, бу ерда баъзи бир қўштирноқ ичидаги одамларнинг таниш-билишчиликка асосланган муносабатлари устунлик қилмаяптимикин?..”. Ҳа, албатта, ҳудди шундай бўлаяпти.
Шу ўринда айтиб ўтишимиз жоизки, муҳтарам президентимиз 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари”йили" муносабати билан бир қанча қонун – фармойишларни жорий этди. Сир эмаски, буларнинг остида халқ манфаатлари, фаравонлиги ва улар эҳтиёжларининг маълум даражада қондириш ётади. Шунингдек, давлат раҳбарининг ўз нутқида “Халқ органлар учун эмас, балки органлар халқ учун хизматда бўлсин”, деган фикрларини ҳам эслаб ўтишимиз лозим. Ҳатто ҳар бир давлат мутасаддисининг газ иситиш тизими, электр энергияси, солиқ соҳаси ва бошқаларни таъминлаш, тўловларни аҳолидан ўз вақтида йиғиб олиш, керак бўлса, эшикма эшик юриб бўлса ҳам, халқнинг дардини эшитиб, уларнинг мушкулларини енгиллаштириши кераклигига ҳам алоҳида урғу бериб ўтган.
Айни шундай вазиятда баъзи бир, қўпол қилиб айтганда, ўз вазифаларини суиистеъмол қилаётган раҳбарлар бунга кўр-кўрона қарши чиқаяпти. Масалан, Қува газлаштириш идораси бошлиғи Бахтиёр Аҳроров кабиларнинг “Қадаминг етган жойгача бор, газингни ёқиб бермайман”, деган гапларини юрагимизга оғир олсак-да, ичимизга ютиб, биз — жабрдийда халқ бир неча тегишли жойларга ариза билан чиқдик (“Ўзтрансгаз”, туман ва вилоят ҳокимликлари ҳамда Бош вазир қабулхонасига бутун халқ номидан ёзма мурожаат билан). Аммо шу кунгача бирор самарага эришолганимизча йўқ.














