Жаҳон | 17:37 / 23.12.2017
16744
2 дақиқада ўқилади

95 ёшли Lotte Group​ асосчиси қамоқ жазосига ҳукм этилди

Фото: Reuters

Жанубий Кореянинг Lotte Group конгломерати асосчиси, 95 ёшли Шин Гёкхо солиқ ва мажбурий тўловлар билан боғлиқ фирибгарлик ортидан Жанубий Корея суди томонидан тўрт йил қамоқ жазосига ҳукм этилди. Кекса тадбиркорнинг соғлиғидаги жиддий сабабларга кўра, суд айни пайтда аппеляция кўриб чиқилишига қадар уни озодликда қолишини билдирган.

Шин оиласига нисбатан айбловлар жорий йил бошида эълон қилинган бўлиб, унинг меросхўри Шин Донг Бин шартли равишда 20 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Шунингдек, компания асосчисининг қизи Шин Ёнжа ҳам икки йил қамоқ жазосини ўташга мажбур.

"Франс пресс" нашри тарқатган хабарга кўра, Шин 128,6 миллиард вон (119 милион АҚШ доллари) миқдордаги даромадларни солиқдан яшириб, қариндошларининг номига очилган банк ҳисоб-рақамларига мос равишда тақсимлаб, ўтказган.

«Нафақат Lotte, балки Hyundai, Samsung ва LG каби йирик компания раҳбарларининг жиноий кирдикорлари фош этилмоқда. Гап шундаки, узоқ вақт уларнинг мамлакат иқтисодиётига қўшиб келаётган ҳиссасини инобатга олиб, уларнинг фаолияти қўллаб-қувватланган. Аммо компания вакиллари ишончни суиистеъмол қилмоқда», дейди Korea Expose журнали таҳлилчиси Жувон Пак.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида Samsung компанияси раҳбари Ли Жэ Ён порахўрликда айбланиб, беш йил қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Шунингдек, ушбу машмаша ортидан давлат раҳбари, собиқ президент Пак Кин Хега нисбатан импичмент эълон қилинган.

Мавзуга оид