Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 28 декабрь куни кимё саноати корхоналарининг бугунги молиявий-иқтисодий ҳолати ва соҳани ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ 2017 йил кимё саноати соҳасида қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 апрелдаги “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан мазкур акциядорлик жамияти бошқаруви аъзолари тўлиқ янгидан тайинланиб, кимё саноати тармоқлари ва бошқарув аппарати тузилмалари қайтадан шакллантирилди.

Давлат раҳбарининг жорий йил 23 августдаги қарори асосида 2017-2021 йилларда кимё саноатини ривожлантириш дастури қабул қилинди. Унда умумий қиймати 3,1 миллиард долларга тенг 43та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, саноат маҳсулотлари ҳажмини 2,4 марта, экспортни 2,7 баробар ошириш, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар улушини 42,5 фоизга етказиш ҳамда 43та янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, 3,2 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган. Тармоқнинг экспорт-импорт фаолиятини тартибга солиш, ташқи савдо жараёнлари шаффофлигини таъминлаш, энг асосийси, ташқи бозорларда кимё маҳсулотларини сотиш ҳажмини ошириш ва географиясини кенгайтириш, рақобатбардош ва жозибадорлигини янада оширишни таъминлаш мақсадида “Ўзкимёимпэкс” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди.

Албатта, амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар кимё саноатида ҳам ижобий натижалар бермоқда. Лекин тармоқда узоқ йиллар давомида сақланиб келган тизимли муаммолар ҳанузгача ўз ечимини топгани йўқ. Масалан, минерал ўғит ишлаб чиқарувчи саноат корхоналари оғир молиявий аҳволга тушиб қолган.

Қишлоқ хўжалигини молиялаштиришга умуман эътибор берилмагани ёки масалага юзаки ёндашилгани ушбу соҳадаги ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида нуқсонлар юзага келишига сабаб бўлмоқда, деди Президентимиз.

Қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган минерал ўғитлар билан боғлиқ харажатлар қопланмаяпти. Натижада кимё корхоналарининг ишлаб чиқаришга сарфланган табиий газ, электр энергияси, фосфорит хомашёси, олтингугурт кислотаси ва бошқа турдаги товарлар ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш борасидаги имкониятлари чекланиб, кредитор қарздорлик ўсиб кетмоқда.

Шу муносабат билан 2018 йилдан бошлаб, истеъмолчиларга минерал ўғит етказиб бериш “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳузурида ташкил қилинадиган “Ягона агент” воситачилигида биржа савдолари орқали амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.