Ўзбекистон | 00:09 / 29.12.2017
24830
2 дақиқада ўқилади

Прокуратура тест синовларида қонунбузарликлар аниқламади

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳар прокуратураси KUN.UZ таҳририятининг олий таълим масканларига давлат тест имтиҳонлари ўтказилишида қонунбузарликлар йўл қўйилгани ёки йўқлигини аниқлаш бўйича тақдимномасига жавоб берди.

Маълумки, таҳририят мухбири интернет сайтида эълон қилинган тест натижаларига доир суриштирув натижаларини шу йилнинг 19 октябрида шаҳар прокуратураси расмий вакилига тақдим этган эди. 28 декабрь куни Тошкент ШИИББда бўлиб ўтган матбуот брифингида айни тақдимномани ўрганиш бўйича баёнот берилди.

Тошкент шаҳар прокуратураси расмий вакили Бобир Деҳқоновнинг сўзларига кўра, прокуратура органлари KUN.UZ сайтида эълон қилинган мақолаларни чуқур ўрганиб, тегишли суриштирув ишларини олиб бориб, давлат тест имтиҳонларида қоидабузарликларга йўл қўйилмаган, деган хулосага келган.

“Сиз тақдим этган барча ҳужжатлар тегишли тармоққа топширилган, прокуратуранинг тегишли идоралари томонидан, мутахассисларни жалб қилган ҳолда тўлиқ ўрганиб чиқилди. Фуқаролар, ҳужжатда кўрсатилган ОТМ ёки таълим йўналишлари бўйича фуқаролардан тушган мурожаатлар асосида барча ҳужжатлар қабул қилинган ва дахлдор мансабдор шахслар билан суҳбатлар уюштирилган. 

Тўпланган ҳужжатлар ва маълумотларга кўра, тест синовлари давомида қонун бузиш ҳолатлари аниқланмаган. Жумладан, фуқаролар эътирозларига сабаб бўлган тартиббузарликлар, жавоблар варақалари бўйича ёнма-ён ўтиришлар, бир-бирига ёрдам бериш, тақиқланган воситалардан фойдаланиш, тест материалларининг аудиториядан чиқиш ҳолатлари кузатилмаган. 

Шу билан бирга, Давлат тест марказига муҳрланган ҳолатда олиб келинган жавоб варақалари бўйича ёпиқ режим – махсус назоратда текширилган ва шундай тартибда қабул комиссияларига тақдим қилинган”, - деди Тошкент шаҳар прокуратураси расмий вакили. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид