Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 8 январь куни «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонунни имзолади. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 14 декабрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2017 йил 20 декабрда маъқулланган. Расмий эълон қилинган кундан эътиборан ўн икки ой ўтгач кучга кирувчи қонуннинг мақсади маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашдан иборатдир.
Қонун маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига, шу жумладан лицензия, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларига, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тартиб-таомилларга, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилади.
Ушбу Қонун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш, давлат хизматини ўташ, референдумлар, сайловлар ўтказиш, мудофаа, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартибот соҳасида, шунингдек тезкор-қидирув фаолияти, суриштирув, дастлабки тергов, жиноий мажбурлов чораларини қўллаш билан боғлиқ бўлган бошқа фаолият, суд ишини юритиш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш соҳасида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат: қонунийлик; мутаносиблик; ишончлилик; тингланиш имкониятининг мавжудлиги; маъмурий тартиб-таомилларнинг очиқлиги, шаффофлиги ва тушунарлилиги; манфаатдор шахслар ҳуқуқларининг устунлиги; бюрократик расмиятчиликка йўл қўйилмаслиги; мазмунан қамраб олиш; маъмурий иш юритишнинг «бир дарча» орқали амалга оширилиши; тенг ҳуқуқлилик; ишончнинг ҳимоя қилиниши; маъмурий ихтиёрийликнинг (дискрецион ваколатнинг) қонунийлиги; текшириш.
Қонунийлик принципи - маъмурий тартиб-таомиллар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши керак.
Мутаносиблик принципи - маъмурий иш юритиш жараёнида жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган таъсир чоралари маъмурий орган томонидан кўзланган қонуний мақсадга эришиш учун мос ва етарли бўлиши ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги керак.
Ишончлилик принципи - маъмурий иш юритиш давомида манфаатдор шахслар томонидан тақдим этилган ҳақиқий ҳолатлар тўғрисидаги ҳужжатлар ва маълумотлар акси исботланмагунига қадар ишончли ҳисобланади. Манфаатдор шахслар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотларнинг ҳақиқийлигига шубҳа пайдо бўлган тақдирда, маъмурий орган уларнинг ишончлилигини мустақил равишда ва ўз ҳисобидан текшириш учун чоралар кўради. Маъмурий иш юритиш давомида манфаатдор шахслардан улар тақдим этган ҳужжатларнинг ёки маълумотларнинг ишончлилигини тасдиқловчи қўшимча материаллар талаб қилиш, агар қонунда бундай талаб белгиланмаган бўлса, тақиқланади.

















