2017 йилда Ўзбекистонда истеъмол секторида инфляция даражаси 14,4 фоизни ташкил қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

Истеъмол нархлари индекси (ИНИ), мамлакат истеъмол секторида инфляция даражасини ифодалайдиган асосий индикатордир.

Ўзбекистонда ИНИ ҳисоблаш тизими 1994 йилнинг январь ойидан бошлаб Халқаро Валюта Фонди (ХВФ)нинг техник кўмаги асосида амалга оширила бошлади.

ИНИ «Истеъмол нархлари индекси бўйича қўлланма: Назария ва амалиёт» (ХВФ, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожлантириш фонди, Евростат, ЭИК, Жаҳон банки ва ХМТ) услубий низомига асосан шакллантирилади.

Ҳозирги вақтда ИНИ ҳисоблашда истеъмолдаги 350 турдаги товар ва хизматлар тўпламидан фойдаланилади. Булар уч йирик гуруҳга – озиқ-овқат (96та), ноозиқ-овқат товарлари (188та) ҳамда хизматларга (66та) бўлинган. Шундай қилиб ИНИни ҳисоблаш учун истеъмол тўплами, аҳоли томонидан энг кўп истеъмол қилинадиган товар ва хизматлар республиканинг барча ҳудудлари учун ягона бўлган гуруҳини ифодалайди.

Давлат статистика қўмитаси хабарида таъкидланишича, ИНИни ҳисоблашда нарх омилига қўшимча равишда (яъни, товар ва хизматларнинг ҳақиқий нархини ўзгаришида) маълум товар ва хизматларнинг ўзига хос аниқ салмоқ ҳиссалари ҳам таъсир қилади. Шундай қилиб, истеъмол нархлари индекси бўйича бутун мамлакат бўйлаб товар ва хизматларнинг нархлари ҳаракати хилма-хиллиги (ўртачалаштириб) умумлаштирилади.

2017 йилда озиқ-овқат товарлари 15,9 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 16,1 фоизга, хизматлар 8,6 фоизга қимматлашди.

Истеъмол нархлари индекси ва инфляция даражаси

Фото: Давлат статистика қўмитаси

Истеъмол нархларининг ўртача ойлик ўсиш суръати 1,1 фоизга ошиб бориши маҳалида, нархларнинг сезиларли даражада ноябрда 2,0 фоизга ва декабрь ойда 2,7 фоизга кўтарилиши кузатилиб, минимал ўсиш эса июнда 0,3 фоиз ва июль ойида 0,4 фоиз қайд этилди.

2017 йил учун товар ва хизматларнинг истеъмол нархлари индекси динамикаси