Италия А Серияси бу ҳафта дам олади, Бундеслига эса, қисқа танаффусдан кейин навбатдаги тур ўйинларига старт бермоқда.
Кубок ўйинларида майдонга тушиб, бироз «тин олиш»га ҳам имкон топа олмаётган Испания ва Англия жамоалари ҳам эртадан яна чемпионат ўйинларида майдонга тушади. Бизни кутиб турган дам олиш кунларида эътиборга молик ўйинлари ҳақида ҳеч қачон дам олмайдиган «Tribuna.uz» ҳикоя қилади.
БАЙЕР – БАВАРИЯ (12 январдан 13 январга ўтар кечаси, 00:30)
Қисқа танаффусдан сўнг, бугундан Бундеслига ҳам иккинчи давра ўйинларини бошлайди. Турнирнинг яққол пешқадами «Бавария» энг яқин таъқибчисидан 11 очко илгарилаб кетиб бўлган бўлса-да, бугунги рақиб анча принципиал ва ўйин жуда қизиқарли ўтишига шубҳа йўқ.
Шунингдек, «Бавария» «Байер» майдонида 4 ўйиндан бери ғалаба қозона олмаётгани, сўнгги уч ўйинда эса, умуман гол ура олмаганини эътиборга олсак, ўйиннинг шиддатли бўлишини кутиш мумкин. Мюнхенликлар ўйинида танаффусдан олдин бироз пасайиш кузатилган, жамоа охирги 4 ғалабасини минимал ҳисобда қўлга киритганди. Аммо давралар орасидаги йиғинда спарринг рақиблар дарвозасига икки ўйинда 7 гол уришди. Балки Ҳайнкес шогирдлари яна сермаҳсуллик режимига қайтишгандир?
ЧЕЛСИ – ЛЕСТЕР (13 январь, 20:00)
Сўнгги икки мавсумдаги АПЛ чемпионлари ўртасидаги баҳс кўпчиликда қизиқиш уйғотса керак. Зеро бу жамоаларнинг биринчи даврадаги ўйини ҳам жуда муросасиз кечган, меҳмонлар 2:1 ҳисобида устун келганди.
«Лестер» ноябрь ойини жуда кучли ўтказиб, қаторасига 4 ўйинда ғалаба қозонганди, аммо кейинги ўйинларда пасайиш рўй берди ва 5 ўйиндан атиги 1 ўйинда ғалаба қозонди холос. Албатта, бу паллада лестерликларга «Манчестер Юнайтед» ва «Ливерпуль» каби клубларнинг рақиб бўлганини ҳам унутмаслик керак.
«Челси» эса, сўнгги икки кубок ўйинида бир хил 0:0 ўйнади. Конте шогирдларининг чоршанба оқшомида Лига кубоги ярим финалида «Арсенал»га қарши ўйин ўтказгани ушбу тўқнашувда жамоа ўйинига салбий таъсир ўтказиши эҳтимоли бор. Чунки рақибидан фарқли равишда «Лестер» бир ҳафта дам олиш имконига эга бўлди. Йил охиридаги зич тақвимдан сўнг бу танаффус ҳар қандай жамоага катта ёрдам беради.
Шунингдек, бу ўйинда собиқ лестерчилар – Канте ва Дринкуотер жуфтлиги «Лестер»га қарши қандай ўйин кўрсатишлари ҳам қизиқ.
РЕАЛ – ВИЛЬЯРЕАЛ (13 январь, 20:15)
Мадриднинг «Реал» клуби ушбу мавсумда унга сал жиддий қаршилик кўрсатган клуб борки, очко йўқотмоқда. Бир томондан ўсиш бор, мавсум бошида мадридликлар «Сантьяго Бернабеу»да ғалаба қозонишга қийналган бўлса, сўнгги пайтларда Мадридда барқарор ўйнай бошлашди. «Барселона» билан ўйин ҳисобга олинмаса, мисол учун, «Севилья» дарвозасига киритилган жавобсиз беш тўп ҳам буни исботлайди.






