00:46 / 17.01.2018
33812

Валюта айирбошлаш амалиётини энди банкоматларда ҳам бажариш мумкин (Видео)

​16 январь куни Ўзбекистонда илк маротаба Asia alliance bank АТБга қарашли кўп функцияли​ банкомат ишга туширилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

Банк маъмуриятининг хабар беришича, айни пайтда ишга туширилган банкомат орқали хорижий валютани сўмга айирбошлаш имконияти мавжуд. Бунда мижоз ҳеч қандай декларация қоғозини тўлдириши, навбат кутиши талаб этилмайди.

«Бош қароргоҳи АҚШда жойлашган NCR​ компанияси томонидан ишлаб чиқарилган банкомат орқали кўп вазифаларни бажарса бўлади. Банк мижозларига қулайлик яратиш мақсадида, инсон омили аралашмаган ҳолда фойдаланувчи мустақил равишда валюта айирбошлаш амалиётини бажариши мумкин. Шунда, Марказий банк томонидан тижорат банклари учун белгилаб берилган валюта айирбошлаш йўлакчасидан келиб чиқиб, белгиланган қийматга амал қилинади. Банкомат эса 24 соат мобайнида халққа хизмат кўрсатади», дейди банк бошқарувчиси.

Маълум қилинишича, жорий йилда хорижий валютани сўмга айирбошлаш функциясига эга банкоматлар Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманига ўрнатилади.

«Шунингдек, Қарши, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ҳам Asia alliance bank​ филиаллари ишга туширилган бўлиб, тез орада кўп функцияли банкоматлар вилоятдаги филиалларимизга ҳам етказиб берилади», дейди мутасадди вакил.

Айни пайтда банкомат хизматидан фойдаланиш бир дақиқадан кўп вақтни олмайди: барчаси электрон тугмани босиш билан ҳал бўлади.

Банкоматдан фойдаланиш учун мос тилни танлаш, валютани киритиш зарур. Банкомат автоматик тарзда банкнотнинг қиймати ва ҳақиқийлигини экранда тасдиқлайди, шундан сўнг, валютани нақд миллий сўм пулига айирбошлашга розилик берилади.

Таъкидлаш жоизки, валюта айирбошлашда ҳеч қандай чеклов ёки коммисия пули ушлаб қолинмайди. Банкомат эса ўрнатилган тартибда мижозга босма квитанция чиқариб бериши назарда тутилмоқда.

 

Top