Ўтган ҳафтада Алексис Санчес ва Генрих Мхитарян рокировкаси расман эълон қилинди. Ҳар икки ўзгариш эътиборга молик бўлса-да, асосий урғу Санчесга қаратилаётганининг сабаби маълум. Чунки Мхитарян қайсидир маънода «Олд Траффорд»даги муваффақиятсизлик ва таркибга кира олмаганидан «Арсенал»га ўтаётган бўлса, Санчес Лондон жамоасининг етакчиси эди. У ўзининг қарорини совринлар ютиш орзуси билан изоҳлар экан, ўз вақтида «Арсенал»ни тарк этган футбол юлдузларини ҳам эслаб ўтди. Келинг, биз ҳам шундай қиламиз.

1999 йил. Николя Анелка. «Реал» Мадрид

Бугунги ёш мухлисларнинг ақлига сиғмаслиги мумкин, лекин 1997 йилда Анелка Арсен Венгер жамоасига «ПСЖ»дан қочиб келганди. Ўшанда Николя атиги 17 ёшда эди. Илк мавсумда франциялик ҳужумча майдонга кўп тушмади, аммо жуда юқори савияда ўтган иккинчи мавсум оқибатида мадридликлар уни кўз остига олиб қўйишди.

Анелка ўз ниятини яшириб ҳам ўтирмади ва ҳатто 22 миллион фунтлик трансфер амалга оширилгач, Лондонда жуда қийналганини, Англия футболи унга бутунлай тўғри келмаганини очиқ ойдин тан олганди.  

2006 йил. Эшли Коул. «Челси»

Анелканинг ҳолати ўша давр учун алоҳида бир воқеа эди, зеро «Арсенал» Англиянинг энг кучли икки жамоасидан бири, кейин ҳам ажойиб мавсумларни ўтказиб, мамлакат чемпиони бўлганди. Эшли Коул воқеаси кейинги трендни очиб беради - сўнгги ўн йилликда «Арсенал»ни кўпроқ яхши шароит ва совринлар ютиш илинжида тарк этмоқдалар.

Аксарият «Арсенал» мухлислари ҳалигача Коулни кечиришмайди. Ахир Коул жамоа таркибида уч кубок ва икки чемпионликни қўлга киритган, бунинг устига клуб тарбияланувчиси, ким билади, яқин келажакда жамоа сардори бўлиши мумкин эди. Аммо «Челси» томонидан қилинган ажойиб маошни рад қилолмади ва чамадонларини йиғиштириб, Лондоннинг нариги стадионига йўл олди. Шимолликлар эса, уни Кешли Коул деб атай бошлади. «Кэш» инглизчада «ҳамён», «пул» маъноларини беради.

Коул «Челси»да тўрт марта Англия кубогини, Премьер Лига ва Лига кубогини, Европа Лигаси ва Чемпионлар Лигасини ҳам ютиб олди. Бунинг учун эса ажойиб бонусларга эга бўлди.

2009 йил. Эмануэль Адебайор. «Манчестер Сити»

Адебайор «Эмирэйтс»да тўрт йил ўтказиб, бирорта ҳам соврин юта олмади. Аммо 2007/08 мавсумида 24 гол уриб, АПЛнинг энг яхши ҳужумчиларидан бири сифатида эътироф этилганди. Яна нима керак?