Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев вилоят фаоллари билан ўтказилган селектор мажлисида Тошлоқ тумани аҳолисини ҳақорат қилгани ҳақидаги хабарлар ва аудио материал интернетда тарқалгач, KUN.UZ таҳририятига бу воқеага ўз муносабатини билдирган кўплаб мухлислардан мактублар келмоқда.

Қуйида улардан айримлари ҳавола этилади.

* * *

Ассалому алайкум. Менинг исмим Бобуржон. Тошлоқ туманиданман. Ҳозир Россиядаман. Ҳокимимизнинг селекторда тошлоқликларни ҳақорат қилиб айтган гапларига нисбатан қандайдир чора кўриш керак. Бу одамнинг оёғи ердан узилган чоғи, бизни ҳақорат қиляпти. Агар Фарғонада қорнимиз, устимиздан орттириб, уйланишимиз учун пул қила олганимизда эди, биз бу ерларга асло келмаган бўлар эдик.

* * *

Ассалому алайкум KUN.UZ ижодкорлари!

Сизлардан илтимос, Фарғонамиз ҳокимини кўпроқ танқид қилинглар. Унақа ҳокимнинг кераги йўқ бизга. Ҳоким бўлгандан буён ҳеч қаерда ҳеч нарса ўзгармади. Аудиоёзувда кимни нима деб ҳақорат қилган бўлса ўзи шунақа. У шунақанги сўзлар билан асл башарасини кўрсатяпти. У инсон ким бўлибдики, ҳаждек ибодатга тақиқ қўйгани?!

* * *

Инсонни ҳақорат қилгани учун энг кам ойлик иш ҳақининг 30 баробаридан қанчадир баробаригача жарима солинади. Бутун бошли Тошлоқ аҳолиси 200 мингми ундан ортиқми, билмадим, лекин уларнинг ҳаммасини ҳақоратлагани учун жавобгарликка тортилмайдими, бу ноинсоф? Илтимос, шу масалани кўтаринглар!

* * *

Ҳокимнинг видеоселектордаги «нутқи»ни тинглаб, ўзимда олдин ҳеч қачон ҳис этмаган кайфият пайдо бўлди. Марҳумлар руҳини безовта қилмасликка қаратилган халқимиз одатлари, динимиз кўрсатмалари бу «мусулмон»га ёт шекилли. У кишига фақат иккита саволим бор. 1) У инсон «ҳароми» сўзининг маъносини биладими? 2) Президентдек инсон бўлиб ўтган воқеада ўз айбдорлик ҳиссини айтиб турган вақтда, Фарғона вилояти ҳокими «пичоқни олдин ўзига уриб», Тошлоқ тумани ҳокимига қилган «тавсияси»га ўзи амал қилиб, МАРДлик кўрсата оладими? Шу саволларимга жавоб олишда амалий ёрдам берсангиз. Сизлардан миннатдормиз.

* * *

Ассалому алайкум KUN.UZ ходимлари! Биз янгиликларингизни мунтазам кузатиб борамиз. Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Тошлоқ фуқароларини инсонийликка, ўзбекчиликка мутлақо тўғри келмайдиган ҳақоротлар билан ҳақоратлагани жуда кўнглимизни хира қилди. Муҳтарам президентимиз «Барча — кичик ходим бўладими ёки бутун шаҳар ҳокими бўладими, халқнинг дардини ҳис қилиб яшанг, уларга хато қилса танбеҳ, дакки эмас, тўғри йўлни кўрсатинглар», демоқда. Ҳақиқатан ҳам, президентимизнинг сўзлари, фикрларининг тескарисини, аксини кўрсатишмоқда бундайлар. Тошлоқ тумани фуқаролари шунчалик ёмон инсонлар бўлса, уларга тўғри йўлни кўрсатиш керак. Вилоят ҳокими берган беш миллион ёрдамни ўлгандан кейин эмас, тириклигида ёрдам қилганида балким улар шу ернинг ўзида бирор ишнинг бошини тутган бўлармидилар?