Роғун ГЭС қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишлар бажарилмоқда, гидростанциянинг биринчи агрегатини жорий йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазири Усмонали Усмонзода хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, барча пудрат ташкилотлари гидроэлектрстанциянинг биринчи агрегатини белгиланган муддатларда, яъни жорий йилда ишга тушириш мажбуриятини олишган.

«Баъзи муаммолар бор, бироқ биз ишонамизки, мамлакат раҳбариятининг лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш бўйича топшириғи бажарилади», - дея таъкидлаб ўтган вазир.

Шу билан бирга, Энергетика вазирлиги раҳбари ушбу лойиҳани амалга оширишда айнан қандай муаммолар борлигига аниқлик киритмади.

2016 йилнинг октябридан бери Роғун ГЭСни қуриш ишлари билан Италиянинг Salini Impregilo компанияси шуғулланмоқда.