Жаҳон | 10:34 / 04.02.2018
60563
2 дақиқада ўқилади

Хитойлик “муз бола” интернетни “портлатди”

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари қишнинг қаҳратонида мактабига қалпоқсиз деярли 5 км пиёда юриб боргандан кейин “муз бола” (Ice Boy) номини олган Ванг Фуман учун 450 минг доллар йиғиб беришди.

8 ёшли Ванг Фуман интернетда унинг совуқдан музлаб қолган сочлари сурати пайдо бўлгандан кейин танилиб кетди.

Маълум бўлишича, бола ҳар куни мактабига 4,8 км лик йўлни пиёда босиб ўтади. Сурат олинган куни бола имтиҳонга шошгани сабаб бошига қалпоғини кийишни эсидан чиқарган ва оқибатда унинг бошини оппоқ муз қоплаган.

Бола ўқитувчисининг айтишича, мактаб етарлича маблағ олмагани сабабли синфхоналар иситилмайди ва ўқувчилар дарсларда қалин кийимларида ўтиришга мажбурлар. Вангнинг ўзи эса бувиси ва опаси билан бирга ночор аҳволда яшайди. У сурункали гипотермия – доимий совуқ сабабли иссиқлик етишмаслигидан азият чекади. Бу нуқсон оқибатида унинг қўллари шишиб, ишламай қолади. Бола учун ночорликдан чиқишнинг ягона йўли – таълим олишдир. Шу сабабли Ванг қийинчиликларга қарамай астойдил ўқийди.

Интернет фойдаланувчилари боланинг тақдирига бефарқ қолмадилар ва бир неча кун ичида у учун 3 млн юандан кўпроқ (450 минг доллар) маблағ йиғишди. Бу маблағлар Ванг ва қолган болаларга иссиқ кийим сотиб олишга ва мактабдаги иситиш тизимини таъмирлашга ишлатилади.
 

 

Мавзуга оид