Дўпписи қолиб, бошини қўшиб келадиган давр ўтдими? Бу савол ногаҳон ўй суриб ўтирган журналистнинг хаёлига бирдан келмади. Гап шундаки, ислоҳотлар шамоли диёримизга «янги баҳори» ифорини олиб кираётган бир пайтда, айрим масалалар ўз ечимини топмай қолавериши дилни хуфтон қилади. Сўз мамлакатдаги виждон эркинлиги хусусида бормоқда. Аввало, кишининг эътиқоди ва иймони, бир динга мансублиги ва ўша эътиқодида муқим бўлиши ҳақида.

Яратганга минг шукрлар бўлсинки, янги давр келди, «диний бағрикенглик ва виждон эркинлиги» дея қўл урилган ўзгаришлар минглаб юртдошларимизга чексиз хурсандчилик олиб келмоқда. Аммо, қонунчилик билан белгиланмаган икки вазият Ўзбекистондаги мусулмонларни кўнглини ранжитади. Бу - йигитларнинг соқол, қизларнинг рўмол ўрашига қўйилган «норасмий» тақиқ. Уни ким ва нега жорий этганини ҳеч ким билмайди, бироқ амалда тақиқнинг ижроси аъло даражада бажарилади.

Рўмол масаласида алоҳида мақола орқали умумий камчиликни кўрсатиб беришга ҳаракат қилгандик. Бу гал, соқол қўйгани учун якуний имтиҳонларини топширолмай, университет дарсларига киритилмаган талабанинг мурожаати ҳар икки мавзуга қайтадан назар ташлашга ундади.

Маълум қилинишича, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети Халқаро муносабатлар факультети 4-босқич талабаси Фаррух Абсаттаров «соқоли ўсгани» важи билан якуний назорат ишларини топширишга қўйилмаяпти. Талаба университетдаги  дарсларга ҳам киритилмаган.

Фото:  KUN.UZ

«​Университет ҳудудида юриш ахлоқ-одоб қоидалари тузилган бўлиб, ички тартиб низом билан ушбу қоидалар тасдиқланган. Соқол ва рўмолга қарши асосий чекловнинг ҳуқуқий асоси мана шу низом асосида шакллантирилган. Аммо, ўша низомнинг ўзи Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «​Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»​ги қонун ва бир нечта қонуности ҳужжатларда кўрсатилган инсоннинг узвий ҳуқуқларига зид. Масала юзасидан ректоратга бир неча марта мурожаат этганимга қарамай, юқори турувчи қонунлар асосида иш кўрилмайди», дейди Фаррух.

Фото:  KUN.UZ

Табиий савол пайдо бўлади: таълимда соқол қўйишнинг, рўмол ўрашнинг қандай салбий жиҳати бор? Балки, махсус гигиеник интизомни талаб этадиган билим юртлари ҳақида сўз кетганда, фикрни асослаш учун баҳона топиш мумкин бўларди. Аммо, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида талабанинг соқоли унга қандай халақит бериши мумкин?! Ушбу саволларга жавоб излаб, олийгоҳ остонасига борган Kun.uz мухбири ҳақиқатга далолат қилувчи ҳеч қандай жавобни олмади.