KUN.UZ таҳририятига Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 35-уйда истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилишди. Улар ўзлари яшаб келаётган кўп қаватли уйдан чиқариб юборилиши мумкинлигидан хавотирда эканликларини билдиришди. Таҳририят мухбири вазият билан яқиндан танишиш ҳамда ушбу уйда яшовчилар дуч келган муаммони ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳрининг Навоий кўчасида барпо этилган кўпқаватли уйга борди.

Маълум бўлишича, ушбу уй Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки ҳамда ушбу кўпқаватли уйдан хонадон сотиб олиш истагини билдирган фуқароларнинг 75 млн сўм миқдорида депозитлари ҳисобига барпо этилган. Бироқ банк орадан 4 йил ўтганидан сўнг, 35-уйда яшаб келаётган фуқароларга огоҳлантириш мактублари юбориб, кўчмас мулк бозоридаги қиймат асосида қайта ҳисобланган нархлар бўйича тўловларни амалга оширишни талаб қила бошлаган.

Фуқароларни ажаблантирган томони шундаки, 2011-2012 йил давомида фуқаролар билан дастлабки шартнома - келишув баённома имзоланиб, мазкур кўпқаватли уй 2014 йил 15 апрелда Давлат қабул комиссияси томонидан қабул қилингани, Шайхонтоҳур тумани ҳокимининг 2014 йил 4 августдаги қарори билан Миллий банкка мулк ҳуқуқи берилганига қарамай, хонадонларнинг якуний қиймати 2016 йилда бозордаги таклиф нархида ҳисобланиб, жисмоний шахсларга тақдим этилган.

Банк раҳбарияти хонадонларда истиқомат қилувчилардан мазкур нархда тўловларни амалга оширишни, акс ҳолда, хонадонлардан мажбурий тарзда кўчириб юборилишини ҳамда хонадонлар кимошди савдоси орқали сотиб юборилишидан огоҳлантириб мактублар юборган. Миллий банкнинг бундай тарзда иш юритишидан норози жисмоний шахслар фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро судига даъво аризаси киритган. Улар гарчи кўпқаватли уй 2014 йил 4 августида тўлиқ фойдаланишга топширилганига қарамай, Миллий банк асоссиз равишда хонадонларнинг якуний нархини баҳолашни кечиктирганидан норозилигини изҳор қилишган.

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро суди 2017 йил 15 мартида мазкур мурожаатни кўриб чиқиб, хонадонларни баҳолаш нотўғри ўтказилган, деган хулосага келган ва Миллий банкка хонадонларни 2014 йил 4 августдаги ҳолат бўйича қайта баҳолаш мажбуриятини юклаган. Апелляция инстанцияси ҳам мазкур суд қарорини ўзгаришсиз қолдирган.