Атрофимизда учраб турган айрим вазиятлар шунчалар қизиқки, унда фуқаронинг шахсий мол-мулки тортиб олинса ҳам ҳеч қайси ташкилот «​пинагини ҳам бузмайди»​. Kun.uz таҳририятига келиб тушган мурожаат муаллифи қонуний йўл билан сотиб олган уйини ўзгалар эгаллаб олгани ҳақида ёзади.

Гап шундаки, Қашқадарё вилоятида истиқомат қилувчи Акмал Миликов 2010 йил 10 ноябрда Шаҳрисабз тумани «Янгиқишлоқ» массивида қурилаётган намунавий уй-жойлардан бирини харид қилиш учун «Қишлоқ қурилиши инвест» ИК Қашқадарё филиалига мурожаат қилган. Акмал компания мутасадди вакиллари билан дастлабки шартномани тузиб, массивда қурилиши назарда тутилган 6 дона 5 хонали уйлардан бирини сотиб олишни ният қилганди. Ўрнатилган тартибда ҳужжатларни расмийлаштирган Миликов уй-жойни ипотека кредити асосида сотиб олиш мақсадида дастлабки бадал тўловини бажариш учун «Қишлоққурилишбанк» Қашқадарё вилояти филиалида 23 миллион 250 минг сўм маблағни шакллантирган.

Орадан бироз муддат ўтиб, Лобар Норбоева ҳам худди шу массивда уй олишни истаб, компания билан шартнома тузади. Дастлабки шартномадан тортиб то кадастр ҳужжатлари тайёрлангунга қадар Лобар 4 хонали уй-жойни харид қилиш учун имзо чекди. Акмал Миликов шартномада кўрсатилган талабга кўра, 5 хонали уй-жойнинг умумий баҳосидан келиб чиқиб, 25 фоиз маблағни, яъни 2010 йил 19 ноябрда 23,2 миллион сўм маблағни банкка тўлаган. Орадан қарийб бир ой ўтиб, Лобар ҳам дастлабки тўлов бадалини шакллантиради.

Барча муаммо ана энди бошланди: уй-жой қуриб битказилиши билан Лобар Норбоева Акмалнинг 5 хонали уйига эга чиқди. Мантиққа зид бўлсада, қайта такрорлаймиз: 4 хонали уй-жойни сотиб олишга шартнома қилган Лобар бироз муддат ўтиб Акмалнинг номига қонуний расмийлаштирилган 5 хонали уйнинг бахтли соҳибасига айланди-қолди.

Гарчи «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК вакиллари барча ҳужжатлар асосида 5 хонали уй Миликовга тегишли эканини, у ўз вақтида кредит суммасини сўндириб келиши, кадастр ҳужжатлари ҳам унинг номига расмийлаштирилганини таъкидласада, Лобар Норбоева бошқа «ечим» билан судда ​ютиб чиқди​.

Эмишки, «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК вакили Б.Ҳасанов бўш шартнома бланкаларининг остига Акмал ва Лобарга имзо қўйдирган, кейинчалик уларнинг розилигисиз шартномани тўлдириб, билмасдан адашган ҳолда Акмалга 5 хонали уй, Лобарга 4 хонали уйни ёзиб қўйган. Б.Ҳасановнинг терговда берган кўрсатмасига кўра, аслида тескариси, яъни Лобарга 5 хонали, Акмалга 4 хонали бўлиши керак бўлган экан. Б.Ҳасановга нисбатан қўзғатилган жиноят иши 2016 йил 31 майда Китоб туман ИИБ қарори билан жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги сабабли ЖПКнинг 84-моддаси 1-қисми 1-бандига кўра, ҳаракатдан тугатилган. Соддароқ қилиб айтганда, «шартнома тўлдиришда адашган» мутасадди вакил жазога тортилмай қолаверган.