Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Солиқ қонунчилигини тубдан такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши эълон қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Фармойишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 июлдаги «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони талабларини амалга ошириш борасида кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, республика ва маҳаллий бюджетлар даромадларини оширишнинг қўшимча захираларини аниқлаш, солиқ маъмуриятчилиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, хориж мамлакатларининг солиқ қонунчилиги ва маъмуриятчилиги соҳасидаги синалган илғор ютуқларини имплементация қилиш ишлари қониқарсизлигича қолаётгани қайд этилган.
Солиқ маъмуриятчилиги ва солиққа тортишнинг замонавий усулларини, солиқларнинг тўлиқ йиғилувчанлиги ва бюджетга ўз вақтида тушиши устидан самарали назорат механизмларини жорий этиш орқали солиқ-бюджет сиёсатини янада такомиллаштириш, бюджет жараёни шаффофлиги даражасини ошириш мақсадида:
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳрири лойиҳасини тайёрлаш бўйича Республика комиссияси таркиби, солиқ қонунчилиги ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳлар таркибида тузилмоқда.
Республика комиссияси тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратиши белгиланмоқда:
- умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартлар талаблари ҳамда бозор иқтисодиёти тамойилларига жавоб берадиган нормалар яратилиши;
- солиқ назоратининг хорижда кенг қўлланилаётган илғор ва синалган шакл ва усулларини жорий этишни ҳисобга олган, жумладан, халқаро эксперт ва маслаҳатчиларни жалб қилган ҳолда солиқ маъмуриятчилиги механизмларини қайта кўриб чиқиш;
- республика стратегик манфаатлари ҳамда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бугунги босқичини ҳисобга олган ҳолда, солиқ соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий нормаларни миллий солиқ қонунчилигига имплементация қилиш, шунингдек, самарали давлат солиқ сиёсатини амалга ошириш;
- солиққа тортиш ва солиқ маъмуриятчилиги масалаларини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан икки хил талқин қилиниши мумкин бўлган нормаларни чиқариб ташлаш мақсадида уларни инвентаризация қилиш;
- тўғридан-тўғри амал қилувчи нормаларни кўпайтирган ҳолда, солиқ қонунчилигини унификация қилиш;
- солиққа тортиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ҳамда солиқ тўловчилар ҳуқуқларининг ҳимоясини изчил таъминлаш;

















